ЖАМИЯТ

КОНСТИТУЦИЯ – ХАЛҚЧИЛ ДАВЛАТ, БАРҚАРОР ТАРАҚҚИЁТ ВА ФАРОВОН ҲАЁТ АСОСИ

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Хусусан, Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VIIбобида шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар белгиланган бўлиб, ушбу бобнинг 30-моддасига кўра, “ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас”.

Ушбу моддага эътибор қаратадиган бўлсак, унинг ҳар бир жумласи Қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланганлиги кўринади.

Мисол учун, Жиноят Кодексининг 4-моддасига асосан, содир этилган қилмишнинг жиноийлиги, жазога сазоворлиги ва бошқа ҳуқуқий оқибатлари фақат Жиноят кодекси билан белгиланиши, Ҳеч ким суднинг ҳукми бўлмай туриб жиноят содир қилишда айбли деб топилиши ва қонунга хилоф равишда жазога тортилиши мумкин эмас. Жиноят содир этишда айбдор деб топилган шахс қонунда белгиланган ҳуқуқлардан фойдаланади ва мажбуриятларни бажариши кўрсатилган.

Ушбу модда шарҳига эътибор қаратадиган бўлсак, Шахсни жиноий жавобгарликка тортишда жиноят қонунининг аниқ ва ягона шакли белгиланган бўлиб, унинг юридик ҳамда бошқа ҳуқуқий оқибатлари тартибга солиниши, жиноят қонунида кўрсатилмаган ҳар қандай қилмиш жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Конституциянинг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.

Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Кўриниб турибдики, бош қомусимиз бўлган Конституциямиз Қонунларга ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига асосланган ҳолда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятни англаган ҳолда қабул қилинган.

ХАДИЧА РАХИМОВА, Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan