ЖАМИЯТ

2030 йилда дунё бўйлаб ўсма хасталиги билан 15 миллиондан зиёд киши касалланиши мумки

Статистик маълумотларга кўра, сўнгги йилларда дунёнинг кўпгина мамлакатларида онкологик касалликларга чалиниш кўрсаткичлари ошиб бормоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2030 йилда бутун дунёда ўсма хасталиклари билан 15 миллион киши касалланиши мумкин.

Ўсма касалликлари билан касалланишни камайтириш мақсадида давлат миқёсидаги кенг қамровли дастурларнинг амалга оширилиши, кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилиши, айниқса, узоқ қишлоқ жойларда ишлаётган умумий амалиёт врачларининг онкологик сезгирлигининг оширилиши ва тиббий кўрик сифатининг яхшиланишига ҳамон зарурат катта бўлиб қолмоқда.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, авваллари болалар орасида саратонга чалиниш ҳоллари анча кам кузатилган. Аммо, сўнгги тадқиқотлар болалар саратони катталарникидан тезроқ ўсаётганини кўрсатмоқда. Тадқиқотларга кўра, ўтган асрнинг 80 йилларидан ҳозиргача болаларнинг саратонга чалиниш кўрсаткичи сезиларли даражада ортган.

14 ёшгача бўлган болалар орасида ҳар бир миллион боладан ўртача 140 нафарига саратон ташхиси қўйилмоқда. Агар ривожланган давлатларда даволаш кўрсаткичлари 70-80 фоизни ташкил этса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич атиги 20 фоизни ташкил этган. Онкогематология бўлимини ташкил этишдан мақсад ҳам болалар ўртасида кўпайиб бораётган, қон билан боғлиқ, даволаниши қийин касалликлар ҳамда саратонни эрта аниқлаш ва самарали даволашдир.

Ўзбекистонда онкология касаллиги билан оғриётганларни даволаш анчагина муҳим масала бўлиб турибди. Хорижий амалиётда онкологияга қарши курашда бир қанча замонавий усулларни қўллашади, бу борада, хусусан, ядро тиббиёти бир неча ўн йиллардан буён алоҳида ўрин эгаллаб келмоқда. Ҳозирги кунда жуда тез ривожланаётган йўналишлардан бири — радионуклидли диагностика ва терапия бўлиб турибди. Радионуклидли терапияда радионуклидлар айнан шиш бор жойга юборилади ва ўша жойнинг ўзига таъсир қилади. Даволашнинг бу усулида шиш ёнидаги аъзоларга зарар етмайди ва улар шикастланмайди. Шунинг учун ҳам бундай даволаш кўпинча «танлаб даволаш» усули дейилади. Шу соҳа экспертларининг маълумотига кўра, агар касаллик вақтида аниқланган бўлса, бу усул билан даволашнинг самараси 95 фоизгача етади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ёш олимларни илмий стажировкаларга юбориш бўйича танлов ғолиби Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази таянч докторанти Назокат Абдуллаева ҳозирда Туркиянинг Анқара шаҳридаги доктор Абдураҳмон Юртаслан номидаги Онкология илмий-изланиш шифохонасида илмий стажировка ўтамоқда.

Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилган мазкур стажировка давомида Назокат Абдуллаева ушбу марказда онкогематологик ва умумий гематологик хасталиклар диагностикасида ва гемопоэтик ўзак ҳужайралари трансплантаcиясида муҳим ҳисобланган оқим cитометрияси усулида иммунофенотиплаш ва ўзак ҳужайраларининг миқдорини аниқлаш анализларини ўрганмоқда ва малакасини оширмоқда. Бугунги кунда ушбу услуб ёрдамида диагностика қилиш мамлакатимизда РИГИАТМда амалга оширила бошланган бўлиб, бемор биоматериалини чет давлатга юборилиши тўхтатилган ва қисқа муддатларда натижа олишга эришилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Анқара онкология марказининг етакчи мутахассислари Чийдем Сонмаз ва Бариш Борал томонидан оқим cитофлуориметрияси усулида иммунофенотиплаш анализи бўйича дарслар олиб борилмоқда. Бундан кутилган мақсад нафақат ўткир лейкозлар диагностикаси, балки миелодиспластик синдром, минимал резидуал касаллик, пароксизмал тунги гемоглобинурия каби бир қатор гематологик касалликлар диагностикасини ўрганиб, Ўзбекистонда қўллашдир.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевнинг айтишича, мамлакатда 2022-2026 йилларда қиймати 1,25 миллиард долларлик 104 та инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилиши мўлжалланган. Улар орасидан онкологияга қарши дориларни ишлаб чиқариш, вакцинани маҳаллийлаштириш сингари лойиҳалар ўрин олган.

Шунингдек, Ўзбекистонда доривор ўсимликларни ишлаб чиқаришни яхши йўлга қўйган корхоналарни, корхоналарни танлаб олиб, уларга қўшимча ер ажратиш, керакли инфратузилма, кредит, давлат рўйхатидан ўтказиш сингари масалаларда кўмак бериш режалаштирилган.

Юқорида айтилган лойиҳалар натижасида 376 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрланиб, 84 миллион долларлик экспорт қуввати яратилиши ҳисоб-китоб қилинган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan