ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган мигрантлар учун “50×50” дастури жорий этилади

Президентнинг “Хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириб Ўзбекистонга қайтиб келган фуқароларни иш билан бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2022 йил 1 июлдан хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш натижасида орттирган маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонда тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган меҳнат мигрантлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун “50×50” тамойили асосида дастур жорий этилади.

Бунда:

лойиҳа умумий қийматининг 50%и миқдорида, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия ажратилади;

ажратиладиган субсидиялар ҳар бир ишга қабул қилинган фуқаро учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваридан ошмаслиги керак;

субсидия ажратишда Ягона миллий меҳнат тизимида рўйхатдан ўтказилган меҳнат шартномаси асос ҳисобланади.

Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёки қайтиб келган меҳнат мигрантлар учун “Ўз келажагимга ўзим инвестор” лойиҳаси жорий этилади.

Бунда:

дастур доирасида ТИФ “Миллий банк”, АТ “Халқ банк” ва АТ “Саноатқурилишбанк” томонидан камида 1 минг нафар меҳнат мигрантига ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, транспорт, хизмат кўрсатиш йўналишидаги ҳар бир лойиҳа учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 бараваригача кредит ажратилади;

кредит олмоқчи бўлган фуқаронинг меҳнат миграциясидан қайтганлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг “лабор-мигратион” дастурий мажмуасида қайд этилган маълумотлар асосида тақдим этиладиган тасдиқнома билан тасдиқланади;

дастурни амалга ошириш учун Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағларидан мазкур кичик бандда кўрсатилган банкларга 30 млрд сўм миқдорида ресурс ажратилади;

кредит ресурслари Реинтеграция маркази раҳбари ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ҳудудий филиаллари томонидан тақдим этиладиган манзилли рўйхат асосида молиялаштирилади;

дастур доирасида 33 млн сўмгача ажратилаётган кредит маблағлари маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тавсиясига асосан гаров таъминотисиз ажратилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan