Cўфи Оллоёр – тариқат арбоби ва мутасаввуф шоир ҳисобланади. Маълумотларга кўра у 1644 йилда Самарқанднинг Каттақўрғон тумани “Минглар” қишлоғида туғилиб, 1724 йилда Олтинсой тумани “Вахшивор” қишлоғида вафот этган.
Бухородаги Жўйбор шайхлари даргоҳида таълим олиб, араб ва форс тилларини ўрганади. Бухоро хони Абдулазизхон томонидан бож маҳкамасида тўра этиб тайинланган. Аммо, дарвешона феъл, шоирона кўнгил соҳиби бўлган Сўфи Оллоёр бу лавозимдан тезда истеъфо бериб, ўз даврининг машҳур шайхи Наврўзга шогирд тушади, тариқат талабларини бажариб, шайхлик мартабасига кўтарилади, валиуллоҳ (каромат соҳиби) бўлиб етишади.
Туркий ва форсий тилларда ижод қилган Сўфи Оллоёр ижодининг асосий йўналиши ислом маърифатини кенг халқ орасида ёйиш ва тасаввуфнинг инсоний камолот билан боғлиқ ғояларини тарғиб-ташвиқ қилишдан иборат бўлган. У: “Маслак ул-муттақин” (“Тақвадорлар маслаги”), “Мурод ул-орифин” (“Орифлар муроди”), “Махсан ул-мутеъин” (“Итоаткорлар хазинаси”) асарларини форсий тилда; “Сабот ул-ожизин” (“Ожизлар саботи”), “Фавз ун-нажот” (“Нажот тантанаси”) маснавийларини туркий тилда яратган.
Асарларида ислом аҳкомлари, тариқат талаблари, инсоний комиллик шартларини бирма-бир таърифлаб берган. Унинг диний-тасаввуфий руҳдаги панду ҳикматга йўғрилган асарлари нафақат Туркистон, балки Қашғар, Волга бўйи, Астрахан, Булғор, Оренбург ва бошқа минтақаларда яшовчи халқлар орасида ҳам кенг тарқалган.
Сўфи Оллоёр асарлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилинган, уларга бағишлаб шарҳлар ёзилган, луғатлар тузилиб, у қўллаган тасаввуфий истилоҳ-тимсоллар кенг ёритилган.
Сўфи Оллоёр 1710-1713 йилларда етти нафар халифаси билан мазкур қишлоқда масжид қурдиради. Синчли пахсадан қурилган масжид хонақох, икки томонли айвон ва қўшимча хоналардан иборат. Шимоли-шарқий томони ҳашаматли бўлиб, меҳробсимон равоқлар ишланган. Эшиклари тепасидаги табандонлар ганчкор панжара билан безатилган. Масжид 1967 ва 1977 йилларда ўрганилган.
Мажмуа ҳовлисида Сўфи Оллоёр даврида экилган тут дарахти ҳамон кўкариб турибди. Зиёратгоҳдаги Қорабулоқ сув ҳавзаси 300 йилдан буён халқни тоза ичимлик суви билан таъминлаб келмоқда.
Сўфи Оллоёр вафотидан сўнг, қабрлари деб тахмин қилинган жойга халқ томонидан ҳашар йўли билан мақбара қурилган.
Сўфи Оллоёр кўп жойларда ҳассасининг илоҳий сири билан сув чиқаргани ҳақида ривоятлар мавжуд. Бунга тумандаги “Жиндибулоқ”, “Тўхтамиш” қишлоғидаги, “Қабодиён”, “Чўнқаймиш”даги ва бошқа булоқларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу булоқларнинг кўзи очилиши, сув чиқиши ҳам бевосита Сўфи Оллоёр номи билан боғланиб кетган.
Денов ва Олтинсой меҳнат фаҳрийлари ташаббуси билан, Сурхондарё вилоят Адлия бошқармасининг 2005 йил 3 февралда берилган 71-рақамли гувоҳномаси асосида Денов шаҳар, Ш.Рашидов кўчаси 247-уйда «Сўфи Оллоёр» жамғармаси ташкил этилиб, 2005 йил 19 февралдан фаолият кўрсатиб келмоқда.
Жамғарманинг максади: зиёратгох негизида Сўфи Оллоёр мажмуасини (мақбара, номозхона, музей, кутубхона, меҳмонхона, ошхона, таҳоратхона ва бошқа зарурий бинолар) барпо этиш, у кишининг ижодий-маънавий меросини ўрганиш, китобларини таржима килдириб, аллома ҳақида ёзилган рисолаларни қайта нашр эттириш ва китобхонларга етказишдан иборат.