МАДАНИЯТ

Қиёмат куни пайғамбарлар ҳам хавас қиладиган икки киши

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Албатта Аллоҳ таоло Қиёмат куни: «Азаматим учун дўст бўлганлар қани? Бугун Мен соя йўқ кунда Ўз соям билан паноҳ бераман», дейди», дедилар.

Имом Муслим ривоятлари.

Муоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Аллоҳ таоло: «Менинг азаматим учун бир-бирларини дўст тутгувчиларга нурдан бўлган минбарлар берилади. Уни кўрган набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилишади», деди», деганларини эшитдим».

Имом Термизий ривоятлари.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман» деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қолган одам ва холи қолиб, Аллоҳни эслаганда кўзидан ёш оққан одам», дедилар». 

Шарҳ: Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ Кун – Қиёмат кунидир. Қиёмат кунида иссиқ шиддатли бўлиб, ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса ҳамма ҳам ўзини ололмайди. У Зот Ўзи хоҳлаган бандаларинигина Ўз соясига олур. Ушбу ҳадисда ана шу даҳшатли Қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига оладиганлардан етти тоифанинг зикри келмоқда: «Аллоҳ йўлида бир-бирига муҳаббат қўйиб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши». Дунёда кишилар турли нарсалар, мақсадлар юзасидан ўзаро муҳаббат, дўстлик-биродарлик ришталарини боғлайдилар. Кимлардир шахсий манфаат юзасидан, кимлардир иш, ҳизб, мол-дунё юзасидан дўстлашадилар. Аммо Исломда ҳақиқий биродарлик, ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлади. Мусулмон киши ўз биродарига Аллоҳ учун муҳаббат қўяди. Аллоҳ розилигини истаб, унга кўмак беради, яхшилик соғинади, биродар тутинади. Агар икки мусулмон ана шу ҳолатда бир-бирига муҳаббат қилса, бу муҳаббатлари уларни охиратда улкан бахтга эриштиради. Қиёмат куни уларнинг ҳар иккиси ҳам Аллоҳ таоло соясида паноҳ топишга муяссар бўладилар.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan