МАДАНИЯТ ЎЗБЕКИСТОН

Марказий Осиё илму урфонида танҳо афсона

Дунёда машҳур ва қўҳна университетлар саноқли бўлиб, уларнинг дастлабки ўнталиги  қаторига Вальядолид университети, Сиена университети, Неаполитан университети, Падуан университети, Испаниянидаги энг қадимги Саламанка университети, Кембридж университети, Оксфорд университети киради. Шу сингари, қадимий таълим масканларининг рўйхатини аксар ҳолларда Испания, Италия, Буюк Британия, Германия сингари мамлакатларнинг  ноёб мақомга кирган университетлари давом эттиради. Мазкур илм даргоҳларининг нуфузи ҳам айнан шу – қадим ўтмишга дахлдорлик далили ҳамда уларнинг миллат маънавияти ва жаҳон илм-фанига қўшиб келаётган мислсиз ҳиссаси билан белгиланади. Ғарбий Европа учун бу инжу маънавият ёдгорликлари нафақат фахр, балки туризм сингари иқтисодиётнинг энг бақувват соҳаларини ривожлантириш учун қулай имкониятдир. Ҳолбуки, Марказий Осиёнинг марвариди ҳисобланган қўҳна Самарқандда Осиёнинг энг қадимги университетлари топ ўнталигига киришга ҳақли – Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини нишонлаш мамлакатимизнинг иқтисодий жозибадор  қирраларига яна бир объектни қўшиш билан баробардир. Гарчи тарихчи, иқтисодчи бўлмай туриб ҳам бу шонли санани нишонлашнинг давлатимиз ва халқимиз учун юксак аҳамиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Зеро бу қадим замин ўзининг тенгсиз таровати, табиатининг хушҳаво, одамларининг эса ҳалимлиги, ушбу юртда ўтган азизу авлиёлар, ўтмиш аждодларнинг ўлмас маънавий мероси билан машҳурдир: Марказий Осиёдаги энг қадимги мадрасалар (11-аср)нинг ҳам айнан Самарқандда топилганлиги бу афсонавий юртнинг оҳанрабо жиҳатларини маълум маънода асослайди. Мирзо Улуғбек асос солган олий мадрасанинг кейинчалик Самарқанд давлат университети кўринишида равнақ топиб бориши эса бу зиё масканини  Марказий Осиё минтақасида мусулмонлик ва дунёвий илмлар бобидаги ўзига хос афсона деб аташга сабаб туғдиради.     Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Али Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний таълимотлари ила ривож топган, Абдурауф Фитрат, Ҳожи Муин Шукуруллаев, Ғози Олим Юнусов, Пўлат Солиев, Мирзожон Саиджонов сингари забардаст ўзбек муддарисларининг сабоқларига гувоҳ, ҳазрат Алишер Навоийнинг муборак номи ила аталган бу нурли даргоҳнинг муборак 600 йиллиги қутлуғ бўлсин.

Марказий Осиёнинг буюк тамаддунлар тизимида алоҳида ўринга эга бўлган Мирзо Улуғбек олий мадрасасининг Самарқанд давлат университети учун асос вазифасини ўтагани, Самарқанд давлат университетининг эса мазкур мадрасаи олиянинг бевосита вориси эканлиги ҳақидаги тарихий ҳақиқатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги тарғиботи, ўйлаймизки, нафақат бу илм ва зиё масканининг, балки бутун Ўзбекистоннинг илм-фан, иқтисодиёт (туризм), маънавият ва маданият, тарих бобидаги нуфузини оширади.

О.Шофиев, Ш.Махмараимова

Филоогия фанлари бўйича фалсафа докторлари

Термиз давлат университети

 

LEAVE A RESPONSE

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan