Британиялик 23 ёшли Адриана Браунли дунёнинг энг баланд 14 чўққисини забт этган энг ёш аёлга айланди, деб хабар берди Sky News.
Мўлжалдаги сўнгги нишон — Тибетдаги Шишапангма чўққисини 9 октябр куни ишғол қилган Адриана Браунли қувонганидан йиғлаб юборди. Чунки 8 минг метрдан баланд 14 та чўққини забт этиш — ҳар қандай алпинистнинг орзусидир.

2021 йилнинг майида, 20 ёшида Эверестни забт этган Адриана кейинги уч йил давомида қолган «саккиз мингликлар»ни бирин-кетин ишғол қилди.
Денгиз сатҳидан 8000 метрдан баланд чўққилар дунёда 14 та бўлиб, барчаси Непал, Тибет (Хитой), Ҳиндистон ва Покистон ҳудудларидаги Ҳимолий ва Қорақурум тоғларида жойлашган. Жомолунгма (Эверест) — 8 849 м, Чогори (К2) — 8 611 м, Дхаулагири — 8167 м, Нангапарбат — 8126 м шулар жумласига киради.
