АДАБИЁТ

Бобоси Алпомиш билан таништирган йигит

Бир дўстим бор: Олтинсойнинг баланд тоғлари бағрида яшайди. Қишлоқнинг бошидаги тепаликдан уй қурган. Уйининг ёнида бир туп қайроғоч бор. Тагида шамол ҳуриллайди. Соясида ёнбошлаб қарасангиз, Сурхондарёнинг ярми кўринади…

… Ғурури тоғдай, ориятли йигит… Кенг адирлар, булоқ суви, тоза ҳавони “кўзи қиймаганидан”ми қишлоқдан узоқлашмайди. Нечта кўйлак йиртган бўлса ҳам соддалигини йўқотмаган….
…Бобосини бундан ўттиз икки йил олдин тупроққа қўйган… “Ўшанда беш ёшли бола эдим. Катта тоғам қўлимдан етаклаб қабр бошига олиб борган: бобомга деб бир сиқим тупроқ “берганим”ни сал-пал эслайман” дейди у.

Яқинда қишлоққа борсам у мени “гапга солди”:

-Термизда ўтган бахшилар фестивалига қатнашдингизми, ошна?
-Ҳа, ҳа қатнашдим. Достон айтмасак ҳам ўша ерда “айланиб” турдик, дедим ҳазил аралаш.

-Мен ҳам боришга қизиқдим-да, мол боқиш навбати келиб боролмадим, дея гапида яна давом этди:

“Бобомнинг борида уч-тўрт марта бирга қўй боққани даштга чиққанман. Бир майдароқ дўмбираси бўларди. Энди-и эсласам, бобом бахши бўлмасаям дўмбира чертиб достон айтарди. Мен бўса ёнида мириқиб эшитиб ўтирардим… Гўрўғли-ю Алпомиш билан мени бобом таништирган… Бахшичилик фестивали сабаб шу дўмбира эсимга тушиб қолди. Кўп қидирдим. Охири отамнинг ҳовлисидаги эски уйнинг томидан топиб олдим…”

…Гапнинг очиғи: ошнам бахши эмас. Суҳбат давомида мен унга дўмбирангни олиб кел бир кўрайин демадим… У ҳам олиб чиқиб кўрсатай демади… Аммо, нақадар юракка яқин бир воқеа ҳақида гурунг бергани мени қувонтирди. Қаранг, бобосининг дўмбираси бугун набиранинг қўлида! Бу набиранинг ҳам икки ўғли бор…

Салоҳиддин Норқобилов