АДАБИЁТ МАДАНИЯТ Фойдали

Ўзликни англаш изтироби…

Усмон Азим ўзбек шеъриятига ўтган асрнинг 70-йилларида кириб келди. Университет таҳсили. Ҳарбий хизмат. Солдатдан келган мактублар. Шуҳрат домланинг “Оқ фотиҳа”си, ниҳоят “Инсонни тушуниш”. Талабалар, шеър мухлислари орасида катта шов-шувларга сабаб бўлган – “Инсонни тушуниш”дан – “Сайланма”гача, “Куз”дан – “Соғинч”гача –“Юрак”дан “Фонус”, “Коллаж”га  қадар ўнлаб шеърий китоблар чиқарди.

У.Азим “Сурат парчаси ҳақида достон” шеърида “ҳар битта сатримга Ҳақиқат, Виждон, Ишқ, Дунё, Ватаннинг кўзила боқдим…”деб ёзади. Шоирнинг лирик қаҳрамони ана шу туйғулар муҳаббатини юрагига жо қилиб яшайди. У шунчаки яшашни, ижод қилишни ҳоҳламайди.

Шеърият шоир учун мангу қийноқ. Аммо қийноқсиз у ҳаётини тасаввур этолмайди. Шу боисдан қийноқ-шараф.

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,

Фақат бекор билиб ором қучоғини.

Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,

Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини.

Шоир ҳозирга қадар шеъриятнинг пичоғини юракка санчиб ижод қилмоқда. Ижодкор шеъриятининг бош тимсоли – Ҳақиқат. Унинг кўнгил каъбаси, сиғингани – Ҳақиқат. У табиат ва жамият ҳодисаларига ҳақиқат кўзи билан қарайди. Ҳақиқат доимо шоир қалбининг тўрида яшайди.

Биров мадалади сени, ҳақиқат

Қалбида тугабми курашнинг қўри

Кўзингдан ўргилай, ўтгин, марҳамат

Ҳақиқат, сенгадир кўксимнинг тўри…

Айниқса, тоталитар тузум даврида Миллат ва Ватан ҳақиқатларини ёзиш учун шоир турли бадиий воситалардан маҳорат билан фойдаланди. Хусусан, фольклор мотивларига мурожаат  этди. Гоҳ Элбек бахши тилидан, гоҳ Алпомиш тилидан, гоҳ эртак қаҳрамонлари тилидан куйлаб ўз даврининг жароҳатли нуқталарини қаламга олди. Бу ҳақида шоир Мирзо Кенжабек шундай ёзади: “Усмон Азим шиддатли туйғулари билан, кескин ҳолатлар ва аниқ тасвирлари билан ўзбек шеъриятига янгича руҳ олиб кирди. Халқнинг пажмурда жасадига руҳ киритувчи хилқат-рост сўз эканини Элбек бахши бўлиб бундай ифодалайди:

Ҳақ гап учун ҳар бир гапга кўнади эл

Тўғри сўздан кўпаяди, тўлади эл.

Дордан кўрқиб ёлғон айтиб турганим йўқ

Шоирлари ёлғон айтса ўлади эл…”

Шоирнинг юраги ватан туйғуси, ватан муҳаббати билан ёнади. Табиат ва жамиятдаги йилт этган ҳодисада Ватан сувратини кўради:

Опа – Ватан улуғ дард,

Опа, Ватан боғ бўлсин!

Шеърда сувратин чизсам

Тўрт муччаси соғ бўлсин.

Ватан ичра ватанлар бор. Бойсун – шоир туғилган юрт. Унинг шеърлари Бойсунтоғнинг ҳавосидан нафас олади. Бойсун одамлари, тоғу тошлари, кўча-боғлари лирик қаҳрамон кўз ўнгидан, болаликнинг ғамгин хотираларини ёдга солади:

Менинг Бойсунимда туғилар булут,

Тоғларга қадалган – осмони яқин.

Менинг Бойсунимда кўк юзин олиб,

Туғилиб –ўлишни машқ қилар чақин…

У.Азим  шеърияти символик шеърият. У А.Блок, В.Брюсов, М.Цветаева, Б.Пастернак каби шоирлардан ижодий таъсирланган. Замин ва замон, табиат ва жамият воқеликларини ифодалашда рамзий образлардан маҳорат билан фойдаланди: Осмон, Тоғ, Тош, Дашт, Куз, Ёз, Қиш, Ёмғир, Олов, Чироқ каби тимсолларда инсон қисмати билан боғлиқ ҳолатлар тасвир этилади. Масалан: тош тимсолида шоир бутун дунёни кўради. Тош ичра яшамоқ, кўкармоқ, қанчалар оғир. Демак, яхшилаб яшасанг ҳаёт ҳам қийноқ, изтироблардан иборат. “Битик тошлар орзуси”да шоир шундай ёзади:

Менга бир тош керак –осмон каби кенг

Ғазаб каби оғир, ғамдай бенаво…

Менга бир тош топиб беролмадинг сен

Тошлари тупроққа айланган дунё…

Шоирнинг лирик қаҳрамони ҳаёт ва ўлим орасида яшайди:

Ўлимнинг борлиги – қўрқинчли эмас

Яшашнинг йўқлиги – даҳшатли қўрқинч.

Шоир шеъриятида Ўлимнинг ҳам, Ғуссанинг ҳам, Севги ва Нафратнинг ҳам ўз сурури бор. Чунки ўлмоқ – тугамоқ, тамом бўлмоқ эмас. Аксинча, ўлиш – тирилиш, қайта ҳаёт бўлиш. Чўлпон ёзганидай “бир ўчиб, сўниб, яна ёниш” аслида ҳам ўлим – яшамоқнинг давоми.

У. Азим бутун ижод йўли давомида инсон ва табиат орасидан уйғунлик излади.  Қишки боғ, Ёзги боғ, Кузги боғ, Кузги боғ II, Кузги боғ III туркум шеърларида инсон ҳаёти билан табиат ҳодисалари муқояса қилинади. Айниқса, куз туркумидаги шеърларда теран фалсафий мушоҳада юритилади. Маълумки, куз табиатда сўлиб сарғайиш, хазон фасли. У инсонда маълум даражада ўксук ҳолатлар, мунгли кайфиятлар ҳосил қилади. Чўлпон куз тимсолида бутун бир миллат тақдирини бадиий талқин этган эди. Усмон Азимнинг қирқ ёш остонасида, ўтган асрнинг 40 –йилларида ёзган шеърларида чўлпонона руҳ етакчилик қилади…

Кузда бир бор хазонлик топсанг

Қисқаради ўзликнинг йўли.

Ярашмагай бежуръат итоб,

Нега ғуссанг бунча бешитоб

Эй, етмиш йил хазон терган юрт.

Инсон учун бир бор хазон бўлиш-ўзликни англаш йўлидаги илк қадамдир. Шоир етмиш йил хазон терган юртга мурожаат қилиб, уни уйғоқликка чақириши бежиз эмас! Токи юрт озод, эркин бўлолмас экан унинг қалбини ғусса, кузак дарди тарк этолмайди.

Шоирнинг лирик қаҳрамони эрк дарди билан яшайди. Унинг учун “Эрк-азобидан қолган ғазабмас, Эрк-ғуссадан учган ақлдир”. Шу сабабдан, эрк-манзилмас, экр-йўлдир. Бу йўл – хатарли –азобли, сўқмоқли ғам-ғусса йўлидир. Аммо муқаддас, шарафли йўлдир. Шоир ҳам аслида бу ҳаётда йўлчидир. Унинг излагани-эрк, суянгани-ҳақиқат.

О, шеърият! О, озодлик! Сен ҳам қулликсан асли!

Соҳили йўқ денгизингда не мақсадни кўзлайман.

Ишонаман, ҳамма учун келади ҳурлик фасли,

Ҳурликдан ҳам ҳурлик сўраб фақат менда бўзлайман!

Ижодкор ҳамиша ҳаётдан қониқмаслик ҳисси билан яшайди. У доимо идеалликка интилади. Ушбу чўлпонона мисралар замирида ҳам эрк ва озодликка ташна қалбнинг изтироблари изҳор этилган.

Шоирнинг куз туркумидаги шеърларида кўп ўринларда Оллоҳга муножотлари,  мурожаатлари учрайди. “Тангрим, сенга  керак эмасми? Юрагидан айрилган одам”, ёки, “Йўқ, Бойсунни таниганим йўқ, Тангрим сени танимагунча”. Оллоҳни таниш-инсонни камолот сари етаклайди. Комиллик йўли ғоят машаққатли, маърифат йўлидир. “Ахир тангрим, кечир, қоронғу тунлар, Бўзлаб йўл сўрадим бандаларингдан”. Йўлсизлик, айниқса, ижодкорни кўзлаган мақсадга, манзилига етказмайди. Аксинча, у комил инсон маслаги йўлини тутса, Оллоҳни таниса – ўзини, ўзлигини танийди:

Ўзни таниш – фурсати – узоқ,

Қандай қийин ёнади гуноҳ…

Сен ўзингни таниганинг чоғ,

Жамолини кўрсатар Оллоҳ…

Усмон Азим юраги ёниқ ижодкор. У нима ҳақида ва ким ҳақида ёзмасин уйғоқ руҳ, қайноқ муҳаббат билан ёзади. Унинг лирик қаҳрамони севги ва нафрат, соғинч ва армон изтироби билан яшайди. “Мен яна шеър топдим Азиз армондан. Соғинчда кул бўлган юрагим ёнди”, –  деб ёзади бир шеърида. Шеър ана шу Соғинч ва Армоннинг дардидан туғилади.

Усмон Азим “… шеърда ҳолат яратиш инсоний ҳолат манзараларини чизишни барибир севади. Унинг қатор шеърлари кайфият сувратлари, руҳ тўлғанишларининг аксидан таркиб топган. Бундай шеърларида у асосан ҳижронда ёнган одам ҳолати, унинг беомон қалб тебранишларига асосланади” (И.Ҳаққул). Нозиктаъб мунаққид И.Ғафуров “Салом, чироқ! Салом, Усмон” мақоласида Усмон Азимни Нитшега ўхшатади. Бу бежиз эмас. У бир шеърида “Ёнғин – бир чолғуман: Мусиқам – ёниш” деб ёзади. Хазон бўлиш, ёниш, кул бўлиш ижодкордан жуда катта ғуссали юрак талаб этади. “Ёмғир ҳақида баллада”сида “Ёғаман, ёғаман – равишим – йиғлов” сатри бор. Эл ва юрт дарди билан ёнган ғуссали юракка фақат биргина таскин бор:

Юрагим уйғоқдир, тушим уйғоқдир…

Қўлимда ҳеч не йўқ, борим – дилимда,

Қўшиғим-ҳақиқат, дорим тилимда

Яшашим қийиндир, ўлимим осон…

Сўз ва шеър соғинчи унга таскин беради. Муборак етмиш ёшни қаршилаган  шоирнинг юрак изҳорлари  ҳали бисёр. Бу изҳорлар инсонни комиллик сари етаклайди. Унга ўзини, ўзлигини, юрт ва элини танитишга чорлайди.

Нормат Йўлдошев

Адабиётшунос

 

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan