17 сентябрь куни Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги”конида юз берган техноген ҳодиса юзасидан брифинг бўлиб ўтди

Хабар берилганидек, бугун Бойсун тумани Кўлқамиш маҳалласида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев иштирокида кеча, 17 сентябрь куни конда юз берган техноген ҳодиса юзасидан брифинг бўлиб ўтди.
Брифингда ОАВ вакилларига юзага келган техноген ҳодиса, унинг оқибатлари, мавжуд ҳолат ва амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Хусусан, 17 сентябрь куни соат 16:00ларда “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сон қудуғининг ён тарафидан юқори босимли водород сулфид гази сизиб чиқиш ҳолати қайд этилганлиги билдирилди.
Ҳодиса оқибатида 4 нафар фуқаро вафот этган. 11 нафар фуқаро эса тан жароҳати олиб, шифохонага юборилган. Кечанинг ўзида уларнинг 10 нафарига уйига жавоб берилган.
Аввалроқ, жорий йил 1 сентябрь куни соат 15:17да «М-25» конидаги 604-сонли қудуқда бурғилаш ишларини олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида юзага келган техноген ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича республика даражасидаги вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан иборат тезкор штаб тузилиб, унинг назорати остида ҳодиса оқибатларини режали бартараф этиш ишлари амалга оширилди. Натижада 15 сентябрь куни қудуқ герметикланган ҳамда табиий газнинг сизиб чиқиши ҳолати тўлиқ сўндирилганди.
Айни пайтда бу ерда тегишли ташкилотлар мутахассислари томонидан барча зарурий ишлар олиб борилмоқда.
Энергетика вазири ҳолатнинг такрорланишига коннинг географик жойлашуви ва ўзига хос хусусиятлари билан бевосита боғлиқлигини тушунтирди. Хусусан, географик жиҳатдан ҳудуд тоғолди-адир релефидир. Релефнинг мутлақ баландлиги денгиз сатҳидан 1000 метрни ташкил этади.
Шунингдек, мутасаддилар томонидан техноген ҳодисанинг юзага келиш сабаблари, ҳозирда уни бартараф этиш учун кўрилаётган чоралар, ҳудудда экологик хавфсизликни таъминлаш, аҳоли саломатлигини асраш, эвакуация қилинган оилаларга кўмак кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумотлар берилди.