ЎЗБЕКИСТОН

Суд қарорисиз ва уй эгасига олдиндан компенсация тўламасдан туриб уй-жойни бузиш тақиқланади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 август куни қонун ҳужжатларига хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш бўйича ўзгартиришларни имзолади.

Ҳужжат билан Уй-жой кодекси, Шаҳарсозлик кодекси ва «Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Уй-жой кодексида «ҳеч ким суднинг қарорига ва қонунга мувофиқ бўлмаган ҳолда ўз уй-жойидан маҳрум қилиниши мумкин эмас» деб белгиланди.

«Қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўз уй-жойидан маҳрум бўлган мулкдорга уй-жой қиймати ва унга етказилган зарарнинг олдиндан ва тенг миқдорда қопланиши таъминланади,» — дейилади янгиланган ҳужжатда.

Бу нормалар ўтган йили янги таҳрирда қабул қилинган Конституциянинг 47-моддасида ўз аксини топган.

Шунингдек, Уй-жой кодексида уй-жойнинг ташқи кўринишини ўзгартириш, қайта қуриш ёки бузиш шаҳарсозлик қонунчилигига мувофиқ амалга оширилиши белгиланмоқда. Илгари бундай ҳаракатларга ҳокимликларнинг тегишли рухсати мавжуд бўлган тақдирда йўл қўйилиши кўрсатиб ўтилган эди.

Шаҳарсозлик кодексига зилзилабардош ҳудудларда бино ва иншоотларни лойиҳалаш ва қуришда шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга оширишни тақиқловчи янги норма киритилмоқда.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan