Самарқандга бағишланган стенд Қирғизистондаги халқаро ярмаркада «Энг яхши ташкил этилган стенд» сифатида эътироф этилди
ҚирғизистоннингЧўлпон-Ота шаҳридаги «Руҳ ордо» этно-маданий марказида «Issyk-Kul International Tourism Fair — 2024» халқаро сайёҳлик кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда Ўзбекистон элчихона кўмагида Самарқанд вилояти ва Хива шаҳри делегацияларининг иштироки ташкил этилди. Шунингдек, ярмарка майдонида Ўзбекистон туризм салоҳиятини кенг оммалаштириш мақсадида учта миллий стенд ташкил этилди.
Самарқанд вилоятининг туристик салоҳиятини кўрсатувчи стенд ўзининг мазмуни, маҳсулотлар сони ва жозибадорлиги бўйича 70 дан ортиқ халқаро ва маҳаллий туроператорлар, авиакомпаниялар, турли туристик ташкилотлар, Қирғизистон вилоятлари ва бошқа давлатлар стендлари орасида «Энг яхши ташкил этилган стенд» дея эътироф этилди ва 1-даражали диплом билан тақдирланди.
Кўргазма давомида Самарқанд вилояти ва Қирғизистон туроператорлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Натижада, Қирғизистондан Ўзбекистонга сайёҳлар сонини ошириш ва қўшма турларни ташкил этиш тўғрисида бир қатор келишувларга эришилди.
«Issyk-Kul International Tourism Fair» кўргазма ярмаркаси 2016 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ярмаркада ҳар йил беш мингга яқин маҳаллий ва хорижий меҳмонлар қатнашади.