Оила ва хотин-кизлар кўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари 2024 йилнинг ўтган 3 ойида оилада 9 минг 60 та (+2 минг 720 ), кўчада – 918 та (+112), жамоат жойида – 313 та (+69), иш жойида – 81 та (+12), таълим муассасида – 61 тага кўпайган. Жисмоний, жинсий, иқтисодий, руҳий зўравонликда камайиш кузатилган. Тазйиқ ҳам 411 тага камайган. Аммо таъқиб этиш ҳолати 18 та (+18) ошган.
Жорий йил 4 ойда 10 мингдан ортиқ тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қиз тиббий кўрикдан ўтказилган. Ўтказилган тиббий кўрик натижаларидан келиб чиқиб, 28 минг 471 нафарига тиббий маслаҳатлар берилган, 6 минг 541 нафари керакли дори-дармонлар билан таъминланган. 5 минг 43 нафари учун стационар даволаш ташкил этилган. 2024 йил 4 ойда ўтказилган тиббий кўрик натижаларидан келиб чиқиб, 7 минг 121 нафарига тиббий маслаҳатлар берилган. 2 минг 531 нафари керакли дори-дармонлар билан таъминланган.
Қўмита томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш мақсадида 208 та туман (шаҳар)ларда туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиқларининг сайёр қабуллари ташкил этилиб, қабулларда 20 минг нафарга яқин хотин-қизларнинг муаммолари бартараф этилган.
Аммо, афсуски жойларда мавжуд муаммолар тўлиқ бартараф этилмагани боис, 2024 йилнинг дастлабки 6 ойида республика бўйлаб 1 минг 562 нафар хотин-қиз ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилган. Ушбу марказларда турли тазйиқлардан жабр чеккан хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилган. Уларга нафақат жисмоний ва руҳий тикланишга кўмак берилган, балки янги ҳаёт бошлаши учун имкониятлар яратилган. Касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши бор аёллар орасидан 69 нафари махсус тайёргарлик курсларига таклиф этилган, уларнинг 30 нафари иш билан таъминланган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, эндиликда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга “оила — маҳалла — туман ва ҳудуд” тамойили асосида комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Шифохоналарнинг шошилинч бўлимларида туну-кун ишлайдиган бирламчи кўмак хоналари ташкил этилади. Шунингдек, ички ишлар органлари томонидан зўравонларнинг реестрини юритиш тартиби жорий этилади.
Бундан ташқари, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларни гул етиштириш, иссиқхонада ишлаш, пишириқ тайёрлаш, энагалик қилиш ва сартарошлик каби оддий меҳнат турларига ўргатиш хизмати ҳам йўлга қўйилган.