Сўнгги 6 ойда 1 500 дан зиёд аёллар ва уларнинг фарзандлари Реабилитация марказларига жойлаштирилди
Ушбу марказларда уларга тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 2024 йилнинг дастлабки 6 ой давомида 1562 нафар хотин-қиз ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилганини маълум қилди.
«Ушбу марказларда хотин-қизлар ва уларнинг фарзандларига тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди. Уларга нафақат жисмоний ва руҳий тикланишга кўмак берилди, балки янги ҳаёт бошлашлари учун имкониятлар яратилди.
Касб-ҳунар ўрганишга қизиқиши бор аёллар орасидан 69 нафари махсус тайёргарлик курсларида таҳсил олди ва уларнинг 30 нафари иш билан таъминланди», дейилади Агентлик ҳисоботида.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахслар Ишонч рақами «1146» га, ягона диспетчерлик хизмати “112” ҳамда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига мурожаат қилишлари мумкин.