Ўзбекистон ҳукумати «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли лойиҳаси учун $255 млн ажратади

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича қўшма лойиҳа устав капиталидаги Ўзбекистон ҳукумати улушининг бир қисмини шакллантириш учун “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг етти йиллик имтиёзли давр билан 15 йил муддатга 5% ставкада 255 млн долларлик кредити босқичма-босқич ажратилади. Жумладан, 2024 йилда 14 млн доллар берилади. Бу ҳақда президент қарори қабул қилинди.
Лойиҳанинг умумий қиймати 4,7 млрд АҚШ долларини ташкил этади, шундан ярми, яъни 2,35 млрд доллар иштирокчи давлатлар томонидан уларнинг лойиҳадаги улушларига мувофиқ тақсимланиши кўзда тутилган эди: Хитой 1,18 млрд АҚШ доллари, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳар бири 573 млн АҚШ долларидан сармоя киритиши лозим.
Бундан ташқари, Хитой 2,35 млрд АҚШ доллари миқдорида нотижорий кредит тақдим этади, бу борада томонлар музокара олиб боришмоқда. Темир йўл қурилиши 6 йил давом этиши кутилмоқда.