ЎЗБЕКИСТОН

Электрни ўчирганлик учун тармоқ жавобгарлигини кучайтириш режалаштирилмоқда

Ўзбекистонда электр тармоқларини ўчириб қўйганлик учун жарима солиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 29 июнь куни молиявий, консалтинг, юридик, IT ва алоқа соҳасидаги тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда сўз юритилди

IT-компания вакили электр энергиясининг тез-тез узилишидан шикоят қилиб, “IT электр борида бошланиб, электр тугаганда тугайди”, деб таъкидлади. У мажбуриятларни бузганлик учун электр тармоқларининг жавобгарлигини кучайтиришни таклиф қилди.

“Ёз бошланиши билан кунига 3−4 соатга „свет“ ўчади. Тарифлар оширилганига қарамай, электр тармоқларининг истеъмолчилар олдида жавобгарлиги йўқ. Буни ҳам қандайдир тўғрилаб берилса яхши бўларди. Сабаби хорижий ҳамкорларимиз олдида жавобгарлигимиз бор”, — деди тадбиркор.

Ўз навбатида, бизнес-омбудсман Дилмурод Қосимов IT-соҳаси вакилининг таклифига қўшилган ҳолда электр энергияси таъминотидаги узилишлар муаммоси иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун ҳам долзарб эканлигини таъкидлади.

“Биз ҳозир электр тармоқларининг огоҳлантиришсиз электр энергиясини ўчириб қўйиш ҳолатлари бўйича уларнинг жавобгарлигини [кучайтириш] таклифини ишлаб чиқяпмиз”, — деди бизнес-омбудсман.

Қосимов ҳар куни узилишлар содир бўлишини қўшимча қилди ва буни энергия тизимидаги носозликлар билан изоҳлаб, “бунинг учун ҳеч ким кафолат бера олмайди”, дея қайд этди.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan