Кунлик карантин, ўзини яккалаш чоралари сабабли турли мамлакатлар олимлари агар инсон фаолиятини тўхтатса табиат ва иқлим қандай ўзгаришини кузатишмоқда. Қуйида ана шу кўзда тутилмаган планетар таҳлилларнинг натижаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Париж келишувининг талаблари тўсатдан амалга ошиб қолди
Ишлаб чиқариш тўхтади, нефт ва кўмирга талаб йўқ, йўлларда ҳаракатланишга чек қўйилди, самолётлар учмаяпти. Буларнинг барчаси туфайли ер юзида иссиқхона эффектини юзага келтирадиган диоксид углероди тарқалиши кескин камайди. Калифорния университетининг Дейвисдаги йўллар экологиясини ўрганиш маркази ҳисоботида келтирилишича, АҚШда чеклов чоралари қўлланилгач турли штатларда автомобиллар ҳаракатланиши 60-80 фоизга қисқарган. Ёқилғи сотиш миқдори ҳам шу даражада камайган. Мос равишда CO2 тарқалиши 1 март ва 14 апрель оралиғида 71 фоизга, демак йиллик миқдорнинг 4 фоизи даражасида қисқарган. Буларнинг барчаси эса иқлим ўзгаришига қарши кураш учун асосий талаблар ҳисобланади.
Халқаро Энергетика Агентлигининг “COVID-19”нинг энергетика бозорига таъсирига бағишланган глобал ҳисоботида айтилишича, жорий йилда СО2 чиқиндилари миқдори 8 фоизга камаяди. Ваҳоланки, БМТ яқин 100 йилда глобал исишни Цельсий бўйича 1,5 градусга пасайтириш учун Париж келишувининг асосий талаби сифатида, бундай ажралмаларни йилига 7,6 фоизга қисқартириш зарурлигини таъкидлаб келаётганди. Шундай экан, инсоният ҳар йили бир маротаба икки уч ҳафта карантинга чиқса, экологик мусаффоликни таъминлаш мумкин бўлади.
Хитой ва Европа узра мусаффо осмон
Хитойдаги экологик вазият дунё миқёсида энг ташвишланарли ҳисобланар эди ва шу сабаб корхоналар ишининг тўхтатилиши бу мамлакатда жуда сезилди. Энергетика соҳасида об-ҳаво мусаффолигини тадқиқ қилиш маркази (CREA) маълумотига кўра, 23 январда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган карантиннинг охирги икки ҳафтасида мамлакатдаги 6 та йирик электр станцияларида кўмир сарфи 40 фоизга камайган. Карбонат ангидрид чиқиндилари 25 фоизга, яъни Хитойдан ташқарида йилига атмосферага етказиладиган умумий зарарнинг 6 фоизи миқдорида қисқарди. Карантин вақтида Шанхай аҳолиси биринчи маротаба зангори осмонни кўрди, Хитойнинг 337 та катта шаҳарларида баҳаво кунлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,5 фоизга ортди. Бундан ташқари, мамлакат шимолида нафас аъзоларига жиддий хавф солиб турли касалликларга сабаб бўлувчи қаттиқ ташланмалар миқдори об-ҳаво таркибида 35 фоиз камайиб 2,5 микрондан паст даражада аниқланган.
Инсон учун фойдали оқибатлар
Олимлар атмосферага зарарли чиқиндилар чиқарилишининг антропоген таъсирини ўргандилар. Натижага кўра, бу таъсирлар дунёда умр давомийлигини ўртача 3 йилга оширади. Бу йилига 8,8 миллионта яъни чекиш, ҳарбий ҳаракатлар ёки ОИТС қурбонларидан ҳам кўп бевақт ўлимларнинг олди олиниши деганидир. Тадқиқотчилар буни «ҳаво ифлосланиши пандемияси», деб атайдилар. Мусаффо об-ҳаво айни карантин пайтида инсонга қандай наф келтиришини яна ўрганиш зарур, деб ҳисоблашмоқда олимлар. Лекин бу инсониятнинг ҳаёт давомийлиги учун ижобий таъсир кўсатишига уларнинг ишончи комил. Балки, бундай шароитда пандемия ҳам чекинар. Чунки, атмосфера ҳавосининг таркиби инсон организмининг юқумли инфекцияларга қарши иммунитети билан чамбарчас боғлиқ. Нотоза ҳавода кузатиладиган йўтал, юрак безовталиги ва нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари иммунитетни пасайтиради.
Қисқаси, булар вақтинчалик ўзгаришлар. Хитойда аксарият провинцияларда чекловлар бирин-кетин қисқартириляпти, зарарли чиқиндилар аввалги ҳолатга қайтмоқда.
Ердаги тебранишлар
Глобал карантин даврида ўзига хос ўзгариш – Ер шарининг устки қисмида тебранишлар, геофизиклар тилида “сейсмик шовқин” камайиши кузатилди. Бунга йирик саноат корхоналари ва транспортлар ҳаракатланишининг тўхташи сабаб бўлиши мумкин. Белгиянинг Брюсселдаги Қироллик обсерваторияси таҳлилларига кўра коронавируснинг олдини олиш мақсадида 18 март куни жорий қилинган карантиндан буён ер қобиғи силжишлари 10-15 нанометрга секинлашган.
Тебранишларнинг сусайиши геофизикларга қулайлик келтирди, улар кичик амплитудали, масалан, океан тўлқинларининг ер қобиғига таъсири сингари тебранишларни ўргана бошлади. Зилзиладан хабар берувчи детекторлар янаям аниқроқ ишламоқда.