Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали идентификацияловчи ID картасини олиш тартибини биласизми?

Ҳукумат қарори билан Фуқароликни расмийлаштириш соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларига асосан қуйидаги хизматлар Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (ваколатли орган) ва давлат хизматлари марказлари билан бир қаторда онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали амалга оширилади:
Мурожаат этувчи ID картани олиш учун ўз хоҳишига кўра ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон рақамли имзодан ёки Мобил ID тизимидан фойдаланиб рўйхатдан ўтган ҳолда электрон тарзда мурожаат этади;
Бунда мурожаат этувчи ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ИД-картани олиш бўйича электрон шаклдаги сўровномани тўлдиради;
Сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ваколатли орган томонидан “Паспорт-виза” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда текширилади;
Сўровномага киритилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги тасдиқланган тақдирда, ваколатли орган томонидан бир иш куни ичида мурожаат этувчига СМС-хабарнома юборилади;
Сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилган тақдирда, ваколатли орган томонидан бир иш куни ичида мурожаат этувчига сўровномадаги хатоликларни бартараф этиш учун беш иш кунидан иборат муддат берилганлиги тўғрисида СМС-хабарнома юборилади;
Белгиланган муддат ичида сўровномадаги хатоликлар бартараф этилмаган тақдирда, сўровнома автоматик равишда рад этилади;
Автоматлаштирилган тизим орқали сўровномага киритилган маълумотларнинг тўғрилиги тасдиқлангач, мурожаат этувчи уч иш куни ичида давлат хизмати кўрсатилгани учун “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган миқдорда давлат божи тўловини амалга оширади;
Тўлов муваффақиятли ўтгандан сўнг ID картани олиш бўйича сўровнома ID картани расмийлаштириш ва бериш автоматлаштирилган ахборот тизимига келиб тушади;
Тўловлар белгиланган муддатда ёки тўлиқ амалга оширилмаган тақдирда, сўровнома автоматик равишда рад этилади;
Фуқаро ID картани олиш юзасидан тегишли хабарномани олганидан сўнг, уч иш куни ичида зарур бўлган ҳужжатларни яъни илгари берилган паспорт ёки ID карта, ID карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани, ID карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида ваколатли органнинг қарорини ва давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитансияни бунда электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитансия мажбурий эмас, юқорида санаб ўтилган ҳужжатлар ваколатли органга шахсан келиб тақдим этади;
Ваколатли орган томонидан ўрнатилган тартибда талабнома шакллантирилгандан сўнг мурожаат этувчига бир иш куни давомида ID карта расмийлаштирилади ва тақдим этилади.
Акмал, Чариев, Термиз туман адлия бўлими давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи