Uncategorized

Туркия зилзиладан неча миллиард доллар зарар кўргани очиқланди

Жорий йилнинг февраль ойида содир бўлган зилзилалардан Туркияга етган жами зарар миқдори 110 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда мамлакат Экология ва шаҳарсозлик вазири Меҳмет Ўзҳасеки маълум қилиб, Туркия ҳудудининг 66 фоизи сейсмик хавф зонасида эканлигини таъкидлади. 

“6 февралдаги зилзилалардан кўрган жами йўқотишларимиз 110 миллиард долларга баҳоланмоқда. Мамлакатимиз ҳудудининг 66 фоизи, фуқароларининг 71 фоизи биринчи ва иккинчи тоифадаги зилзилалар хавфи остида”, дейди вазир парламентда.  

6 февраль куни Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар содир бўлди. Ер силкинишлари, сўнгра минглаб ерости силкинишлари кенг ҳудудда ва қўшни мамлакатларда ҳам сезилган. Туркия ҳукумати аввалроқ зилзилалар етказган зарар 100 миллиард доллардан ошгани ҳақида хабар берган эди. Февраль ойидаги зилзилалар республикани шаҳарсозлик сиёсатини қайта кўриб чиқишга, асосий эътиборни зилзилага чидамли уй-жойлар қуришга қаратишга ундади. Бундай режалардан бири сейсмологлар 7 ёки ундан юқори балли зилзилани башорат қилган Истанбулга тегишли. 

“Биз Истанбулни эҳтимолий зилзилаларга тайёрлаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқдик. У беш йил давомида 1,5 миллион бинони таъмирлашни кўзда тутади”, дейди вазир.  

Унинг сўзларига кўра, дастлабки босқичда 300 мингга яқин уй-жой қуриш режалаштирилган ҳудудлар аллақачон танлаб олинган. 

Ўзҳасеки аввалроқ Истанбулда 6 миллионга яқин уй ва 1,5 миллионга яқин иш ўринлари мавжудлигини, шулардан 1,5 миллион уй-жой хавф остида эканлигини маълум қилган эди. Вазирнинг сўзларига кўра, 2024 йил бошида расмийлар Истанбул уй-жой фондини реконструкция қилиш режасини амалга оширишга киришади. 

1999 йил август ойида Истанбул ҳудудида Анадолу ва Евроосиё тектоник плиталарининг туташган жойида 7,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ўша пайтда 17,2 минг киши, норасмий маълумотларга кўра – деярли 40 минг киши ҳалок бўлган ва яна 45 минг киши жароҳатланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan