Uncategorized

Фуқаролар ва ҳокимларга эслатма! (Қибрай туманига алоҳида!)

Фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар ҳокимларнинг қарорига асосан бузиб ташланиши мумкин эмас.

Бузиб ташлаш ҳақида фақат ва фақат суд қарори мавжуд бўлганда йўл қўйилади.

Бу Шаҳарсозлик ва Фуқаролик кодексларида белгилаб қўйилган. Хусусан, Шаҳарсозлик кодексининг 22-моддасига биноан туман (шаҳарлар) ижро этувчи ҳокимият органлари ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиб ташлаш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 212-моддасида «Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим», деб белгиланган.

Кодекс бу қонун. Қонун қарор ва топшириқлардан устун кучга эга.

Бундан кўриниб турибдики, ҳокимият ўзбошимча, деб ҳисоблаётган иморатни буздириш ҳақида судга даъво аризаси киритади холос.

Қибрай тумани ҳокимига ўхшаб ҳаракат қилмайди.

Шунингдек, ҳуқуқини талаб қилган фуқароларни «провакатор»га чиқариш мумкинмас. Бу мансабдор шахсдаги билимсизлик ва ўз ишига номуносиблик белгиси.

Суднинг иморатни ўзбошимча, деб топиб, буздириш ҳақидаги қарорисиз келиб иморатни буздириб ташлаш мансабдор шахснинг хизмат ваколатидан четга чиқиши ҳисобланади. Ва бу Жиноят кодексининг 206-моддасидаги «Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш» сифатида баҳоланиб жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Ҳокимликлардаги мансабдор шахслар қонунларни ўқиб, бунга қатъий амал қилиши лозим. Зеро, фуқароларнинг қонунбузилишига йўл қўйиши, уларга нисбатан ҳокимиятнинг ҳам қонунни бузиб ҳаракат қилишини англатмайди.

Ҳурматли ҳоким, прокурор, «ички ишлар», «кадастр» ва бошқа масъулларни қонунларга амал қилиб, фуқароларни давлат ва ислоҳотлардан розилиги йўлида хизмат қилишга чақириб қоламиз!

Расул Кушербаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan