Яккасаройдаги дарахтлар қирғини: Ҳоким ўринбосари устидан очилган жиноят иши “музлатиб қўйилган”
2020-йил февралида мораторийга қарамасдан Тошкент марказидаги нақ 81 туп (!) дарахт кесиб ташланган эди. Ўшанда дарахтларни кесишга рухсат берган Яккасарой ҳокими ўринбосари ва қурилиш компанияси мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилганди.
Орадан қарийб 2 йил ўтди. Абдулвосихон Сатторов ҳалигача ҳоким ўринбосари бўлиб ишлаяпти. Жиноят ишини эса, эндигина маълум бўлишича, прокуратура ҳаракатдан тўхтатиб қўйган бўлган. Интернетдаги муҳокамалардан кейин 5-декабр куни тергов қайта бошланган.