Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги туризм йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллашади
Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги делегациянинг Венгрияга ташрифи ташкил этилди.

Сафар давомида Венгриянинг бир қатор давлат идоралари ва ташкилотлари ҳамда компанияларида самарали учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, Венгрия Миллий иқтисодиёт вазирлиги давлат котиби Анико Тури ва ушбу вазирлик ҳузуридаги Туризм агентлиги директори Ласло Коннийд билан учрашувлар чоғида туризм соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилди.
Таъкидланишича, мамлакатлар ўртасида кўплаб соҳалардаги дўстона муносабатлар туризм соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай шарт-шароит яратмоқда. Икки томонлама сайёҳлик оқимини ошириш борасида амалга оширилмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилди.
Томонлар Венгриянинг йирик оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлари ва туроператорлари учун Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини оммалаштириш мақсадида пресс-тур ва инфотурлар ташкил этишга, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга Венгрия инвестицияларини жалб қилиш, ҳамда ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун доимий мулоқот давом эттиришга келишиб олдилар.
Венгрия Туризм агентлиги ҳузуридаги Миллий маълумотлар марказида халқаро алоқалар департаменти директори Марта Фазекаш ва ахборотлаштириш департаменти директори Адам Селлер билан мулоқот ташкил этилди. Унда туризм соҳасида ахборот технологияларини жорий этиш бўйича тажриба алмашиш, махсус рақамли дастурларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида фикр алмашилди.
Учрашув давомида Венгриядаги туристик йўналишлар бўйича статистик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва мониторинг қилиш учун мўлжалланган «Маълумотлар билан таъминлаш миллий тизими» тақдим этилди. Келгусида тажриба алмашиш мақсадида туризм соҳасига янги ахборот технологияларини жорий этиш бўйича алоқаларни давом эттириш масаласи келишиб олинди.
«WizzAir» авиакомпанияси тижорат директори Сильвиа Гонсалес билан музокаралар чоғида Ўзбекистонга янги авиайўналишларни очиш ва мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида қўшма тарғибот компанияларини ўтказиш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.
Венгрия томонига Ўзбекистонда транспорт логистикаси соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакат ҳудудий аэропортларида «очиқ осмон» режими жорий этилаётгани, хорижий авиакомпанияларнинг мамлакатимизга парвозларини амалга оширишда яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Сильвиа Гонсалеснинг таъкидлашича, Ўзбекистон ажойиб туристик, маданий, тарихий ва инвестициявий салоҳиятга эга.
Ташриф давомида Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил қилинди. Унда Венгрия сайёҳлик агентликлари, икки давлатнинг йирик туризм ассоциациялари ва компаниялари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, тарихи, сайёҳлик салоҳияти, анъаналари ва гастрономияси ҳақида сўзлаб берилди. Тўғридан-тўғри ҳаво қатновларини кўпайтиришнинг муҳимлиги, жумладан, яқин кунларда «Qanot Sharq» авиакомпаниясининг Тошкент-Будапешт йўналиши бўйича парвозларни қайта тиклаш режалаштирилаётгани таъкидланди.
Венгрия томони мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиёт, инвестиция ва сайёҳлик соҳаларида шерикликни мустаҳкамлаш учун катта истиқболлар мавжудлигини ва бу имкониятларни биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан ривожлантириш мумкинлиги таъкидлади.