ДУНЁ ҚИЗИҚАРЛИ

Конгодаги энг машҳур транспорт – ёғоч скутерлар

Африка қитъасида жойлашган Конго демократик республикасида ғаройиб бир транспорт тури жуда оммалашган. Йирик шаҳарлар четида, кичик шаҳар ва қишлоқларда у одамларнинг оғирини енгил қилувчи асосий транспорт ҳисобланади. Чукуду деб номланган бу транспорт ёғочдан ясалади ва кўриниши скутерни эслатади. Бироқ скутердан фарқли равишда конголиклар ундан асосан оғир юкларни ташишда фойдаланишади.

Африкада иккита Конго давлати бор. Уларнинг бири Конго Республикаси, иккинчиси Конго демократик республикаси (Конго ДР) деб аталади. Ҳар икки давлат ўз номини Конго дарёси номидан олган.

Конго республикаси ҳудуди 342 минг километр квадрат бўлиб, у ерда қарийб 6 млн аҳоли бор. Конго ДР ҳудуди 2 млн 345 минг 409 километр квадрат (дунёда 11-ўринда) бўлиб, унинг 112 млн аҳолиси бор.

Бугун қашшоқликда яшаётган конголикларнинг бир қисми транспорт воситаси сифатида ёғочдан ясалган скутерлардан фойдаланади.

Чукуду деб номланган бу транспорт воситаси арзон бўлиш билан бирга инсон ёрдамида ҳеч қандай харажатсиз ҳаракатланади. Шу сабабли ҳам сўнгги 30 йилда Чукудилар Конго ДРда жуда оммалашди.

Чукуду тарихи

Икки оёқли ёғоч самокат тарихи ўтган асрнинг 70-йилларига бориб тақалади. Ўша пайтларда Конгони ҳарбий диктатор Мобуту Сесе Секо бошқарар, аҳолининг асосий қисми жуда оғир шароитларда яшарди.

Маълумотларга кўра Чукудуни илк бор ихтиро қилган шахснинг исм-шарифи Педро Сарракайо бўлиб, унинг келиб чиқиши португалиялик бўлган. Педро аввалига қўшни Анголада яшаган, кейин Конгога кўчиб ўтган.

Педро Конгода мамлакат аҳолиси оғир аҳволда яшаётганини, оғир юкларни ҳам елкасида кўтариб ташишини кўриб ёғочдан скутер ясашга аҳд қилади.

У ўзи яшаб турган ҳовли четида ётган ёғоч бўлакларидан биринчи Чукудуни тайёрлайди. Маҳаллий аҳолига у ясаган транспорт воситаси ёқади ва у одамлар орасида оммалаша бошлайди.

Одамлар ўзлари ясаган скутерларга турли ўзгаришлар киритишади, уни мукаммаллаштиришга уринишади. Шу сабабли ҳам аксарият Чукудулар бир-бирига ўхшамайди ва уларнинг ҳар бири ўзига хос янгилик билан ажралиб туради.

Кейинчалик Чукуду тайёрлаб сотадиган усталар пайдо бўлади ва ёғоч скутерлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам оммалашади.

Чукуду узоқ йиллар хизмат қилиши учун улар асосан мамба ёки эвкалипт дарахтларининг жуда қаттиқ ёғочидан тайёрланади. Илк ясалган Чукудуларнинг барча элементлари фақат ёғочдан ясалган. Чунки иқтисодий қолоқ мамлакатда металлдан ясалган эҳтиёт қисмларни топиб бўлмасди.

Кейинчалик Чукудулар оммалашгач уларни ясовчи усталар энди кўплаб элементларни янада чидамли металл материаллар билан алмаштира бошлашган.

Қолаверса, Чукудиларга қандай материал ишлатилиши мижознинг ҳамёнига ҳам боғлиқ бўлган. Яхшироқ нарх тўланса улар мижоз хоҳлаганидай қилиб ясаб берилган.

Масалан, дастлабки скутерларнинг бошқарув рули ёғочдан ясалган ва Т шаклида бўлган. Ғилдираклар ҳам ёғочдан ясалгани учун скутерлар тош йўлларда юрганда уни бошқараётган одам қийналарди.

Кейинчалик эски машина ғилдиракларини кесиб ёғоч оёқларга қоқадиган бўлишди ва Чукудуни ҳаракатлантириш бироз осонлашади. Шунингдек, унинг олд ғилдираги ўрнатилган жойи эски мотоцикллардан ечиб олинган эҳтиёт қисм ўрнатилади. Бу олд ғилдиракда тушадиган юкни юмшатиб, скутернинг юришини янада осонлаштиради.

s

100-150 долларлик беминнат транспорт

2000-йиллар бошларида ёғоч скутерларни ясаш учун 50-60 доллар сарфланарди ва улар 100 доллар атрофида сотиларди. 2020-йилларга келиб ҳам нархлар бироз ошди ва Чукудулар ўлчамига қараб 100 доллардан 150 долларгача сотилмоқда.

Бугун конголик 150 долларга ёғоч скутер сотиб олса, одамларнинг юкини ташиб бериб кунига 5-10 доллар ишлаши мумкин. Бироқ бу учун у эрта тонгдан то кечгача тиним билмай ишлаши керак.

Ўртача катталикдаги Чукудуни ясаш учун уч кун вақт сарфланади ва улар эгасига 2-3 йил беминнат хизмат қилади. Чукудуларнинг кичикроқлари 400 килограмм, катталари эса 800 килограммгача юк кўтариши мумкин.

Конго ДРда узунлиги 2 метр бўлган Чукудулар энг оммабоп ҳисобланади. Уларга 500 килограммгача юк ортиб юриш мумкин.

Чукудулар оммалашгач унинг усталар ясаб берадиган эҳтиёт қисмлари савдо дўконларида сотила бошланди. Агар ёғоч скутер дўкондан сотиб олинган эҳтиёт қисмларни йиғиб ясалса уни тайёрлаш учун бир неча соат кифоя бўлади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan