ЖИНОЯТ ВА ЖАЗО

Сурхондарёда фирибгар қўлга тушди  

Йилимиз бошланишида Сурхон воҳаси буйлаб “туяни ҳам ямламай ютадиган фирибгар келеб-келиб ўз опасини ҳам уч минг АҚШ долларига чув туширибди” деган гап тарқалди.

Катта ишга ўтиши учун “шапка” бериш баҳонасида опадан олинган ушбу миқдордаги пул ваъда қилинган муддат ўтса ҳамки, қайтарилмади. На доллардан, на укадан дарак бўлди. Шунда почча бўлмиш М.Х. кайноғаси уларнинг олдига бир боғ похол солиб кетганини тушуниб етди. Суриштириб кўрса, қайноғаси А.И. учига чиққан фирибгар бўлиб, бир бечорани ҳам “Жентра” русумли автомашинасини номига расмийлаштириб бериш ваъдаси билан 9 минг АҚШ долларига тушириб кетганига анча бўлган экан. Ажабланарлиси, ўша автомашина Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган “Маржона миришкор” фирмасига тегишли бўлган. Хўш, устаси фаранг бу “Остап Бендер” учун дарбандлик Б.О ишончига кириш, нархи 12 минг АКШ долларига белгиланган машина пулининг 9 минг АҚШ долларини олиш осон кечгандир. Аммо фирма ҳисобида турган автомашинани “шахсийлаштириш”ни қандай уддаламоқчи эди?..

Шундай қилиб, “қарзга” олинган пул ҳам қайтмади, автомашина ҳам расмийлаштирилмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимлари томонидан қидирилаётганини сезган А.И. ғойиб бўлишга улгирда.

Суриштирувлар натижасида “Остап Бендер”нинг Тошкентдан Козоғистон чегарасига автобус орқали ўтиб, Туркияга ҳаво рейсида етиб олгани, у ерда уч ой муддат давомида ёлланма ишчи бўлиб ишлагани, сўнгра изни чалкаштириш ниятида Россияда тўрт ойдан бери “саёҳат”далиги аниқланди. …Қозоғистон орқали уйга қайтишни режалаштирган фирибгар Оренбург шаҳрида қўлга тушди.

Суд А.И.ни фирибгарлик жиноятини содир этган деб топди ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а”, “б” бандларига асосланган ҳолда беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилади.