Жорий йилнинг 4 ойи давомида Сурхондарё вилоятидан рўйхатдан ўтган ҳудудий ва тармоқ корхоналари томонидан қиймати 66,8 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 94,6 минг тонна товарлар экспорти амалга оширилган бўлиб, бу эса ўтган йилнинг мос даврига 920,6 минг АҚШ долларига ёки 1,4 фоизга кўпайган.
Экспорт қилинган маҳсулотлар асосан ип-калава, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўлиб, шундан вилоятдан экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти 33,1 миллион АҚШ долларни ташкил этади.
Ўтган давр мобайнида вилоятдан экспорт қилинган маҳсулотлар асосан Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Афғонистон ва Покистон Ислом Республикалари ҳамда Қирғизистон Республикаларига жўнатилган. Маҳсулотларнинг асосий қисми эса Хитой Халқ Республикаси ҳамда Афғонистон Ислом Республикаларига юборилган.
Ҳозирда, бошқарманинг “Термиз”, “Денов”, “Жарқўрғон”, “Дарё порти” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари томонидан экспорт қилинаётган товарларнинг божхона расмийлаштируви куннинг исталган вақтида, қисқа фурсатларда, карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда, дея хабар бермоқда вилоят божхона бошқармаси матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти ва божхона постлари томонидан доимий тарзда “Божхоначи – тадбиркор таянчи” шиори остида, тадбиркорлар билан телефон орқали ҳамда масофадан мулоқотлар ўтказилиб, амалий ёрдам кўрсатилаяпти.