ЖАМИЯТ

Хотира мангу – қадр абадий

“Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг бир гуруҳ ходимлари хизмат вақтида ҳалок бўлган божхоначи Ботир Давлатовни хотирлаб, марҳум касбдошининг яқинларидан хабар олдилар.

Куни-кеча Шеробод туманининг “Пошхурт” маҳалласидаги 33-сонли умумий ўрта таълим мактабида Сурхондарё вилояти Божхона бошқармаси ходимлари ва туман фаоллари иштирокида мазкур мактабга Ботир Давлатов номини бериш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ботир Давлатов хотираси ва босиб ўтган ёрқин хаёт йўли ёдга олинди. Тадбир иштирокчилари томонидан мархумнинг ўзи таълим олган мактабга “Ботир Давлатов” номи берилиши маъқулланди. Божхона бошқармаси томонидан Ботир Давлатовнинг хотира бюсти ўрнатилиб, пойига гуллар қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, Давлатов Ботир Маматқулович 1970 йилда Шеробод тумани “Пашхурт” қишлоғида зиёли оиласида таваллуд топган. У божхона тизимидаги хизмат фаолиятини 1993 йилда Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг 8-сонли “Оқтош” божхона постида кичик инспектор лавозимида бошлаган.

Ботир Давлатов 1998 йилнинг 18 февраль куни хизмат вазифасини бажараётган вақтида “Оқтош” божхона постида содир бўлган отишмада ҳалок бўлган. Республикада миллий хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, жамоат тартибини муҳофаза қилиш ҳамда ҳарбий бурчини бажариш вақтида жасурлик ва матонат кўрсатганлиги учун Давлатов Ботир Маматқулович вафотидан сўнг “Жасорат” медали, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига 10 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги кўчаларнинг бирига “Ботир Давлатов” номи берилган. Ҳозирги кунда унинг қизи Маматқулова Сабогул Давлат божхона қўмитаси Божхона институтига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинган. У отаси каби божхоначи бўлиш учун таълим олмоқда.