ДУНЁ

Душанбеда ўзбекистонлик вирусолог-врачларни кутишяпти

Azia-Plus Душанбе мэриясидаги манбага таяниб хабар беришича, бугун мамлакат пойтахтига Ўзбекистондан инсонпарварлик юклари  келиб тушади. Маълумотга қараганда, ўзбек халқининг беғараз ёрдамлари Тожикистонга ҳарбий транспорт самолётида етказилади. Тошкентдан юборилган юклар 10 та сунъий нафас аппаратлари, дори дармонлар, ҳимоя кийимлари, тиббий ниқоб ва қўлқоплардан иборат.  Шунингдек, мазкур  самолётда 8 нафар ўзбекистонлик, коронавирусни даволашда тажрибага эга врач-вирусологлар ҳам келишади, дейилган хабарда. Манбада айтилишича, ўзбекистонлик шифокорлар Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган шифохоналарда иш олиб боришади.

7 май соат 18.00 ҳолатида Тожикистонда яна 82 нафар коронавирусга чалинган беморлар аниқланган ва уларнинг умумий сони 461 тага етган. Ўтган вақт давомида 12 нафар беморлар ҳаётдан кўз юмган.