ЎЗБЕКИСТОН

Соҳани рақамлаштириш шаффофликни таъминлаб, бюрократиянинг олдини олади

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.
Сўнгги йилларда Мажбурий ижро бюроси органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январь кунидаги соҳага оид “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-1-сон Фармонининг тасдиқланиши ижро этиш соҳасида янги рақамлаштириш ишларининг муҳим босқичи бўлди.

Хусусан, фармонга мувофиқ 2024 йил 1 майдан бошлаб суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) йўлга қўйилади. Бунда иқтисодий ишлар бўйича суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатлари фақат электрон шаклда берилади.

Фармон билан жисмоний шахслар учун ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки интерактив хизматларни кўрсатадиган терминаллар орқали ижро ҳужжатлари ва ижро ишини юритиш доирасида қабул қилинган қарорлар ва бошқа ҳужжатларни олиш ва тақдим қилиш имконияти яратилади.

Бунда, биринчидан, давлат хизматларини кўрсатишда суд ва мажбурий ижро органлари билан электрон ҳамкорлик кучайтирилмоқда. Иккинчидан, фуқароларга суд ҳужжатлари асосида берилган ижро ҳужжатларини бевосита судга мурожаат қилмасдан ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки интерактив хизматларни кўрсатадиган терминаллар орқали олиш имкони яратиляпти.

Учинчидан, мажбурий ижро органларида ундирувчи ва қарздорлар ижро иши доирасида қабул қилинган қарорларни онлайн шаклда олиши жорий этилмоқда. Шу билан бирга ижро иши доирасида тарафлар бевосита бюро органларига мурожаат этмасдан ариза ёки илтимосномаларини электрон шаклда давлат ижрочисига юбориш имкониятига эга бўлади.

Мазкур ўзгаришларнинг ижобий томонларини нималарда кўриш мумкин? Аввало, бу тадбиркорлар, жисмоний шахслар, қолаверса судларнинг ҳам вақти тежалишига олиб келади. Яъни ижро варақаси электрон тартибда расмийлаштирилади ва шу вақтнинг ўзидаёқ ундирувчига етказиш имкони пайдо бўлади.

Яна бир жиҳати – моддий ресурслар тежалади, яъни расмийлаштиришда қоғозга харажат қилинмайди, ундирувчининг ариза ёзиши билан боғлиқ маблағ тежалади. Сир эмас, бугунги кунда ижро ҳужжатлари маълум сабабларга кўра йўқотилиши мумкин, уни қайта расмийлаштириш учун ундирувчи судга унинг дубликатини олиш тўғрисида ариза бериши керак.

Мана шу жараёнларнинг рақамлаштирилиши эса бу каби бюрократик тўсиқларга барҳам беради, аризалар билан қўшимча мурожаат қилиш, қўшимча ҳужжатлар асосида уларни олиш вақтини ҳам тежайди.

Фармон билан яна бир муҳим вазифа белгиланмоқда. «Мажбуриятлар реестри» йилнинг 1 декабридан бошлаб, суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи «Мажбуриятлар реестри» институти жорий этилади.

Қарздорнинг мулки йўқлиги сабабли ундириш имконияти бўлмаганда у ҳақидаги маълумотлар мажбурий тартибда реестрга киритилади.

Қарздор ҳақидаги маълумот реестрга киритилганидан кейин унга нисбатан ижро иши доирасида қўлланган барча чекловлар сақлаб қолинади. Реестрга киритилган қарздорларнинг мулки ва пули борлиги аниқланганда мажбурий ижро давом эттирилади.

Мажбуриятлар реестрига киритилган қарздор ўз мажбуриятини бажарганда ёки ижро ҳужжати бекор бўлганда, қарздор банкрот деб топилганда ёхуд 10 йил давомида унинг мулки аниқланмаганда маълумотлар реестрдан чиқарилади.

Таъкидлаш керакки, ушбу чора фойдасига суд қарори қабул қилинган томоннинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг муҳим кафолати ҳисобланади ва суд қарорлари сўзсиз ижро этилишига хизмат қилади.

Қисқаси, янги фармонда белгиланган қоидалар, ҳуқуқий кафолатлар соҳада тартиб ўрнатилишига, турли суиистеъмолчиликлар ва коррупцияга барҳам беришга хизмат қилади.

Бу янгиликлар суд қарорларини ижро этиш тизимининг самарадорлигини ошириб, соҳада тартибни мустаҳкамлайди, жамиятда мажбурий ижро органлари ва одил судловга ишончнинг кучайишига олиб келади.

Азамат Халмуратов, Бюронинг Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan