ХАБАРЛАР ҲУҚУҚ

Дронларни қонунга хилоф равишда олиб кирганлик учун жазо енгиллаштирилди

Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотлар туристик инфратузилманинг ривожланиши ва яхшиланишига, туристлар учун қўшимча қулайликлар яратилишига, кўрсатилаётган хизматлар сифатининг оширилишига доир кенг кўламли ишларни амалга ошириш имконини бермоқда.

Туризм ривожланишининг барқарорлигини таъминлаш мамлакатимизнинг туристик жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни бартараф этишни талаб қилади.

Суд-тергов амалиётининг таҳлили Ўзбекистон Республикаси ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб киришни, шунингдек ўтказишни, олишни, сақлашни ёки улардан фойдаланишни содир этганлик учун белгиланган жиноий жавобгарлик чоралари мазкур қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номутаносиб эканлигини кўрсатди, бу ўз навбатида, фуқароларнинг, шу жумладан туристларнинг асосли эътирозлари кўпайишига сабаб бўлган.

Шу сабабли, учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб киришни, ўтказишни, олишни, сақлашни ёки улардан фойдаланишни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик чоралари озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа жазо турларини киритиш орқали енгиллаштирилишини, мазкур ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек учувчисиз учадиган аппаратлар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари ихтиёрий равишда топширилган тақдирда, шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш имконияти яратилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 15 март кунидаги “Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги, ЎРҚ-921-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2444-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги мазмундаги 1854-модда (Учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш) билан тўлдирилди.  

Унга мувофиқ, учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш;

учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни содир этган шахс, агар у учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини ўз ихтиёри билан топширса, маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

Мазкур Қонун фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Т.Ш.Алимардонов, Денов туманлараро иқтисодий судининг судьяси

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan