Uncategorized ЖАМИЯТ СИЁСАТ

Янгиланишлар йўлида янги қадам

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Сурхондарё вилоятида бўлиб, сурхондарёлик “адолатчилар” ва маҳаллий Кенгаш депутатлари билан учрашди. Партия раҳбари янги таҳрирдаги Конституция тарғиботи, ҳудудий партия Кенгашлари фаолиятини жонлантириш ва фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тадбирларда қатнашди.

Дастлаб партия раҳбари жорий йилда Ўзбекистон “Адолат” СДП, жумладан, партиянинг Сурхондарё вилояти кенгаши томонидан амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар юзасидан партиянинг вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари вакиллари, фаоллар ва депутатлар билан учрашув ўтказди.

Ҳудудда партия дастурий вазифаларининг бажарилиши, лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида қилинаётган ишлар ҳолати билан яқиндан танишди. Йиғилишда партия аъзолари сафини кенгайтириш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, кадр­лар захирасини мустаҳкамлаш, аъзолик бадаллари тушумини тизимли йўлга қўйиш, партия аъзоларининг сиё­сий билимлари ҳамда фаоллигини ошириш ва бошқа устувор масалалар муҳокама қилинди.

Айтиш жоизки, бу борада партия ишчи гуруҳлари томонидан ҳудудлар кесимида жойларда “Адолат” сиё­сий-ҳуқуқий ўқувлар куни” лойиҳаси доирасида партия лекторлари томонидан жами 231 маротаба сиёсий ўқувлар ташкил этилиб, бу тадбирларда 3235 нафар иштирокчи қамраб олинган. “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида эса партиянинг ишчи гуруҳи аъзолари томонидан жами 251 та маҳаллада 2395 та хонадон ва хўжалик юритувчи субъектлар ўрганилган.

Мазкур ўрганиш­ларда аҳоли томонидан 234 та мурожаат келиб тушиб, улар юзасидан 80 та мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилган. 70 та мурожаат мутасадди органларни жалб этиш орқали, 65 та мурожаат эса ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали жойида ҳал этилган. Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 76 та фуқаро ишга жойлаштирилган.

Бундан ташқари “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар”га киритилган фуқаролар билан тизимли ишлар ташкил қилиниб, бу борада мутасадди ташкилотлар раҳбарлари устидан жамоатчилик ва депутатлик назорати ўрнатилган.  

Йиғилишда ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилган бу каби ишлар, ютуқлар билан бир қаторда камчилик­лар, ҳали қилиниши лозим бўлган бир қатор устувор вазифалар турганлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳисобот даврида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларда фаолият юритаётган партия депутатлари томонидан 290 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилиб, 196 маротаба мансабдор шахс­ларнинг ҳисоботлари эшитилган.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари томонидан вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари кўриб чиқиши учун доимий комиссияларга 44 та, сессияларга эса 41 та масала киритилган. Натижада сессия ва доимий комиссияга киритилган масалалардан келиб чиқиб, аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан масъул мансабдор шахсларга аниқ топшириқлар берилган ҳамда Кенгашнинг тегишли комиссияси томонидан қарорлар ижроси назоратга олиниши белгиланган.

Ўтган йилги ҳисобот даврида сессияларга масалалар киритиш бўйича Шеробод (7 та), Денов (5 та), Сари­осиё (4 та) ва Шўрчи (4 та) туманларидаги депутатлик гуруҳлари фаол бўлганлар.

Йиғилишда партиянинг халқ депутатлари Олтинсой ва Ангор туманларида жами 2 тадан, Бандихон, Бойсун, Музработ, Қизириқ туманларидаги депутатлик гуруҳлари томонидан эса туман Кенгашлари сессияларига умуман масала киритилмаганлиги, уларнинг фаолият самарадорлиги суст бўлганлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, партиянинг “Бир адолатчи – юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси доирасида хотин-қизларни турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоялаш мақсадида “Аёлларни зўравонлик­лардан ҳимоялаймиз”, “Аёл ҳуқуқларини таъминлаш – тенглик тамойилининг муҳим омили” каби мавзуларида жами 75 марта учрашув, давра суҳбатлари ташкил этилиб, 3 478 нафар хотин-қиз билан суҳбатлар олиб борилган. Суҳбатлар давомида тадбирларга жалб қилинган хотин-қизларга “Ҳимоя ордери”ни бериш тартиблари тушунтирилди ва 46 нафар зўравонликка учраган аёлга “Ҳимоя ордери” олиб беришга эришилган.

“Ватан келажаги ёшлар қўлида”, “Таълим сифати – партия эътиборида”, “Тинч­лик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик”, “Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида”, “Бир ойда бир иш ўрни”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Тозалик – соғлом ҳаёт мезони!”, “Биз коррупцияга қаршимиз”, “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” лойи­ҳалари доирасида партиянинг барча даражадаги бўғинларида жами 394 та тадбир, шундан 52 маротаба “Ёшлар дафтари” бўйича, 78 маротаба Ёшлар мурожаати бўйича ўрганиш­лар олиб борилиб, 11258 нафарга яқин иштирокчи қамраб олинган. 

Тадбирда ана шулар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилиб, келгусида ижтимоий соҳага оид партия ғоя­ларига сайловчиларнинг кенг қатламини қизиқтириш, анъанавий социал-демократиянинг ижтимоий адолат тамойили ва кенг кўламли ижтимоий дастурларининг амалга оширилишини таъминлайдиган кучли давлат ғоясини қўллаб-қувватлаш, бунда, айниқса, партиянинг таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ғояларига алоҳида аҳамият қаратиш кераклиги қайд этилди.

Учрашув давомида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова ўтган давр­да партиянинг Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан партия танилувчанлигини ошириш ҳамда хайрихоҳлари сафини кенгайтириш борасида қилинган ишлар ва эришилаётган ютуқларни эътироф этар экан, йўл қўйилган айрим камчиликларга ҳам эътибор қаратиб, уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар билдирди. Жумладан, ижтимоий тармоқлардаги аъзолар сонини кўпайтириш, омма­вий ахборот воситаларида мунтазам равишда чиқишларни ташкил этиш масалаларига алоҳида эъти­бор қаратилди.

Шунингдек, ҳудуддаги партиянинг шаҳар ва туман кенгашлари фаолияти ҳамда амалиётга татбиқ этилаётган партия лойиҳаларининг самарадорлигини таъминлаш, уларни оммавий ахборот воситалари, хусусан, катта аудиторияга эга бўлган ижтимоий тармоқларда кенг тарғиб қилиш, партияга аъзолик бадали режасининг тўлиқ бажарилиши юзасидан вазифалар белгиланди.

Йиғилишда халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгаши депутатлари Абдурашид Артиков, Шоҳида Холлиева, Термиз шаҳар кенгаши депутати Абду­қодир Мустафақулов, Жарқўрғон туман кенгаши депутати Очил Жияновлар сўзга чиқиб, ҳар бир депутат ўз ҳудудидаги муаммо ва камчиликларни ҳал этишда халқ фикрини муфассал ўрганиб, муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиб бориши, партия ғояларини кенг оммага тарғиб этишни кучайтириш ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш зарурлиги тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. 

Куннинг иккинчи ярмида партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова Қумқўрғон туманида бўлиб, партиянинг туман Кенгаши ҳамда ҳудуддаги БПТлар фаолияти билан танишди. Партия фаоллари билан юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар юзасидан суҳбатлашди. “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган илғор ғоялар, ҳаётга татбиқ этилаётган партия лойи­ҳалари доирасида олиб борилаётган ишлар ва уларда бошланғич партия ташкилотларининг фаоллигини ошириш борасидаги муҳим масалалар юзасидан фикрлар алмашилди.

– Бошланғич партия ташкилоти – бу сиёсий партия фаолиятини мувофиқлаштиришда, танилувчанлигини оширишда ҳамда ҳаётий ғоя ва ташаббусларни илгари суришида алоҳида аҳамиятга эга, – деди партия раҳбари Робахон Махмудова.

Таклиф ва мулоҳазаларга бой бўлган жараёнда иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоблар берилди. БПТлар фаолиятидаги келгуси вазифалар белгилаб олинди.

Ташрифнинг иккинчи куни партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Маҳмудова Термиз Давлат Университетида талабалар иштирокида “Янги таҳрирдаги Конституция – инсон, жамият ва давлат ривожининг гарови” мавзусидаги давра суҳбатида қатнашди.

Тадбирни партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамроев очиб, сурхондарёлик “адолатчилар”нинг сиёсий жараёнларда фаол иштироки, янги таҳрирдаги Конституция­мизни ўрганиш ва жамоатчилик орасида тарғиб қилишга қаратилган тадбирлар ҳақида сўз юритди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова йиғилганларга янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши ва унинг аввалгисидан фарқлари юзасидан тушунча берди. Бош қонунимизга киритилган ўзгаришларга атрофлича тўхталди.

Таъкидланганидек, жамиятимизда фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳар қачонгидан долзарб вазифага айланди. Бугун қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришлар замирида айни шу мақсад ётади. Айтиш мумкинки, бу борада сиёсий партиялар олдига давлатимиз раҳбари томонидан катта вазифалар қўйилмоқда.

Тадбир савол-жавобларга бой тарзда ташкил этилгани иштирокчиларнинг конституциявий билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлади. Бу эса конституциявий ислоҳотларни омма орасида кенг кўламда тарғибот қилишга ва халқимиз фаоллигини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Куннинг иккинчи ярмида партия Сиёсий Кенгаши раиси Робахон Махмудова партиянинг Шеробод туман Кенгашига ҳамда тумандаги Ахборот кутубхона марказида жойлашган бошланғич партия ташкилотига борди.

Жамоатчилик орасига кириб бориш, ҳудудлардаги муаммоларнинг ечимини топиш ва сайловчилар билан ишлаш баробарида “Адолат” СДПнинг сиёсий майдондаги ўрнини мус­таҳкамлаш юзасидан ўз таклифларини билдирди.

Партия раҳбари тумандаги Ахборот кутубхона марказида жойлашган бошланғич партия ташкилоти фаолияти билан ҳам танишди.

Қизғин ва самарали тарзда ўтган учрашувда БПТ аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олишди.

Гулшод Турсоатова,“Адолат” СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши Матбуот котиби

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan