ЖАМИЯТ

Ўзбекистонда суюлтирилган газ етказиб беришда монополия бекор қилинади

Ўзбекистонда истеъмолчиларга табиий газ (паст босимли тармоқлар) ва суюлтирилган газ етказиб беришда монополия бекор қилинади.

“Ўзбекистон–2030” стратегиясининг барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналиши бўйича 2024 йилга мўлжалланган амалий тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.

Унда истеъмолчиларга табиий газ (паст босимли тармоқлар) ва суюлтирилган газ етказиб беришда монополияни бекор қилиш, хусусий секторни жалб қилиш, энергия ресурсларининг бозор тамойилларини жорий этиш ва ресурсларнинг ҳисоб-китобини аниқ юритишни йўлга қўйиш белгиланган.

2024 йил апрелга қадар табиий ва суюлтирилган газ тақсимлаш тармоқларини хусусий секторга ўтказиш тартиби (низом) ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланиши лозим.

Ишлаб чиқилган тартиб асосида табиий газ тақсимоти тизими 2024—2025 йилларда хусусий секторга ўтказиладиган “пилот” ҳудудлар аниқланади.

Ушбу ҳудудлардаги тизимни хусусий секторга ўтказиш юзасидан салоҳиятли компаниялар билан ўтказиладиган музокаралар натижаси бўйича аниқ шартлар асосида тақсимлаш тармоқлари хусусий секторга ўтказилади.

Шунингдек, 2024 йил давомида Республика иқтисодиёти тармоқлари ва аҳолини табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида  “Ўзбекнефтегаз” қуйидаги геологик-техник тадбирларни амалга ошириши лозим:

  • 95 та ишлатиш қудуқларини бурғилаш;
  • 81 та қудуқларда мураккаб турдаги капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш ҳисобига ишлаб чиқаришга қайтариш;
  • 42 та технологик тадбирларни амалга ошириш.

Бажарилган ишлар эвазига 29,3 миллиард куб метр табиий газ қазиб чиқариш режалаштирилган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan