
Ўзбекистон инсониятнинг энг қадимги маданият марказларидан биригина бўлиб қолмай, унинг сиёсий-ҳуқуқий институтлари бешикларидан бири ҳамдир. Бу ерда давлат ва ҳуқуқнинг пайдо бўлиш қонуниятлари ва тарихи Юнонистон ва Хитой каби қадимий давлатларники билан бир қаторда туради.
Ҳозирги Ўзбекистон худудида ўрта асрларда Моворауннахр, Хуросон, Хоразм каби кучли давлатлар ва уларнинг ўзига хос ҳуқуқ тизимлари мавжуд бўлган, ушбу давлатларда судлар (қозилик) фаолиятига катта эътибор қаратилган.
Хусусан, қозиул-куззот лавозими жорий этилган бўлиб, у судьяларнинг энг юқори лавозими хисобланган ҳамда барча ҳудудий даражадаги қозиларнинг фаолиятини бошқарган.
Аббосийлар сулоласи хукмронлиги даврида халк таниши ва хурмат курсатиши максадида судьялар учун махсус либослар жорий этилган, судларда ишларни куриб чикиши учун зарур булган барча материалларни туплаб берувчи «Сахиб-ул масаил» лавозими жорий этилган.
Ҳуқуқ ва қонун устиворлигини таъминлаш борасида Қорахонийлар сулоласи даври ўз ўрни ҳамда аҳамиятига эгадир, улар ҳукумролигида ўтган 999-1212 йилларда хеч бир шахс қонуний асос ва далилларсиз жазоланмаслиги қаттиқ назорат қилинган, судлардан барча хукмлар фикх (ислом қонун ва қоидалари)га тўлиқ асосланган бўлиши талаб этилган.
Ҳукумдор Махмуд Тамғачхон даврида ҳуқуқ юксак даражада ривожлангани кўплаб манбаларда ўз аксини топган, у суднинг хукмисиз жиноятчиларни жазоланишига ва мулкини олиб қўйилишига қарши бўлган. Юртда қонун устиворлигига эришиш учун ислоҳатлар амалга оширилган, хусусан, ушбу даврда хокон томонидан тайинланган беклар жамоат тартибини сақпаш, суд ҳукмларининг ижросини таъминлаш билан бирга, урф-одат ҳуқуқларининг бажарилишини ҳам назорат қилган.
Ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, Самарканддаги деворларга ҳуқуқбузарлар томонидан «Биз пиёзга ухшаймиз, канча кесишса хам барибир қайта ўсиб чиқаверамиз”, деб ёзилган ёзувга нисбатан қуйидагича матн ёздирган “Мен деҳқон каби сизлар қаерда пайдо бўлманг, сизларни илдизингиз билан юлиб ташлайман”. Бундан кўриниб турибдики, қонун устиворлигини таъминлаш учун қаттиқ курашилган.
Қорахонийлар даврида ҳуқуқий илмга ҳам катта эътибор қаратилган ва бунинг натижасида катта фикхшунослар жамоаси шаклланган. Улар 20 дан ортиқ фатво (қоидалар) жамланмасини ишлаб чиққан ва 350 дан ортиқ фикхга оид асарлар ёзишган.
Ҳуқуқшунослар нафақат давлат ишларини юритишда иштирок этган, балки дипломатик фаолиятда элчи, ўта мухим ишларни ҳал этишда маслаҳатчи сифатида қадрланган.
Суд-ҳуқуқ тизимига энг катта эътибор қаратган буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темур (унинг сулоласи) ҳисобланади. Муғиллар даврида барча соҳалар қатори ҳуқуқ ҳам анча издан чиқди ва қадрланмади, сабаби фикх илмини эгаллаган шахслар тақиб остида ўз юртларини ташлаб чиқиб кетишган эди.
Темурийлар даврида барча ҳуқуқий илм эгалари Самарқанд, Бухоро ва бошқа катта шаҳарларга қайтарилди, янгидан бунёд этилган мадрасаларда ҳуқуқий билим (фикх) олиш учун барча шарт-шароитлар яратилди, улар рағбатлантирилди.
Насаф, Фарғона ва Хоразм ҳуқуқшунослар тайёрлайдиган илм марказларига айланган, натижада юздан ортиқ ҳуқуқий қоидаларни ўз ичига олган қимматбаҳо асарлар яратилган.
Қорахонийлардан бошлаб то Темурийлар сулоласи даврига қадар суд фаолияти таниқли фикх олимларига топширилган. Ҳаттоки, Бурхониддин Марғилонийнинг авлодлари шайх-ул ислом (бош судья) вазифасини ворислик принципи асосида қабул қилишган, улар турли сиёсий қарама-қаршиликларни ҳал этиш билан бирга, тахт ворисларига оталиқ ҳам қилишган.
Бурҳониддин Марғилоний ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда қўлланадиган ҳуқуқий манба яратган бўлиб, унда ҳуқуқий масалаларни ҳал этишда қозининг мажбуриятларига алоҳида эътибор берилган. Жумладан, «Ҳидоя» асарида «Қозининг мақоми» деб номланган махсус бўлим бўлиб, унда шариат судлари — қозиларнинг бурч ва мажбуриятлари, уларга берилган ваколатлар, қўйилган талаблар, ҳукм чиқариш қоидалари каби масалалар ўз ифодасини топган. Қозилар ҳукмдор томонидан тайинланадиган шахслар бўлиб, уларга шариат илмини яхши билиш, озод шахс бўлиш, мустақил қарорлар қабул қила билиш, адолат тарафдори бўлиш, ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлиш ҳамда ақли расо шахс бўлиш каби талаблар қўйилган.
Темурийлар ва ундан кейинги хонликлар даврида ҳам ягона суд тизими йўлга қўйилган, суд шариат қоидаларидан чиқмаган ҳолда амалга оширилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ва улар фаолиятининг очиқ ҳамда шаффоф бўлишини таъминланди.
Хулоса:
- Ҳар қандай давлатни барқарор ривожланиши ҳамда осойишталигини таъминланиши учун жамиятда адолат ўрнатилиши керак. Адолатга эса ҳуқуқ устиворлиги таъминланлаш, одил судловни амалга ошириш ва албатта илмни ривожлантириш орқали эришиш мумкин.
- Аждодларимизнинг ҳуқуқий билим ва одил судловга эришиш мақсадида қилинган меҳнатларидан ўрнак олган ҳолда, бу бой меросни асрашимиз ва уни янада кенг кўламда ўрганиш керак.
- Ҳар бир давлат (сулола) ўзи учун суд тизими ва ҳуқуқий пойдевор яратишда турлича ёндошувга эга бўлган.
- Фуқаролар ҳамда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун судларга яратилган шароитлардан тўғри ва самарали фойдаланиш шарт, шунингдек халқнинг судларга бўлган ишончини ортиришга эришиш керак.
Абдураим Қиличев, Термиз туманлараро иқтисодий судининг девонхона мудири