
Узун туманида яшовчи Дониёр Тўраев хизмат сафари билан чет элга бориб келишига иш жойидан текинга билет олиб берилганидан бағоятда ҳурсанд эди. Бироқ, уни бир савол қийнарди оиласидаги ўзаро келишмовчилик сабаб суд буйруғи асосида алимент тўлаш мажбурияти юклатилганлиги.
Ҳозирда алимент сабаб унинг четга чиқиш ҳуқуқлари вақтинча чекланганлигини тушуниб етган қарздор ота Бюронинг Узун туман бўлимига келиб унга нисбатан қўлланилган чекловларни бекор қилишни сўраб мурожаат қилди.
Бюронинг туман бўлими давлат ижрочилари томонидан чекловни бекор қилиш тартиби тушунтирилганда қарздор ота 5 йиллик алимент пулини олдиндан тўлаб бериш имконияти борлигини билдирди ва турмуш ўртоғи билан ўзаро келишган ҳолда 2028 йилгача бўлган 60 миллион сўм алимент пулини тўлиқ олдиндан тўлаб берди.
Шундан сўнг, Бюронинг туман бўлими томонидан қарздор отага нисбатан қўлланилган барча чеклов чоралари бекор қилиниб, четга чиқиш ҳуқуқлари тиклаб берилди.
Комил Шарипов, Бюронинг Узун туман бўлими давлат ижрочиси