ЖАМИЯТ

17 ЙИЛЛИК ОРЗУ РЎЁБИ

Аслида, бир инсон кўнглига йўл топишнинг ўзи мураккаб. Бутун халқ дарду ташвишларига малҳам бўлиш, орзу-умидларига қанот бағишлаш эса ниҳоятда қийин ва айни дамда жуда улуғвор ишдир.

17 йил деганда фуқаролик паспортини олган Юлдуз Саидованинг қувончи чексиз. Шўрчи тумани ички ишлар бўлими томонидан 2 август куни 1989 йилда туғилган 33 ёшли Юлдуз Саидовага фуқаролик паспорти берилди.

— 1994 йил оиламиз билан Тожикистон Республикасидан Шўрчи туманининг “Қораариқ” маҳалласига кўчиб келганимизда 5 ёшда бўлганман — дейди Юлдуз Саидова. — Шу ердаги мактабда таҳсил олдим, орзу умидларимнинг рўёби учун ҳаракат қилдим. Фақатгина, фуқаролик паспортим бўлмаганлиги сабабли сайловларда иштирок этиш бахти мени четлаб ўтарди, олийгоҳда таҳсил олиш ниятим ҳам ўз вақтида амалга ошмади. Аммо, фуқаролик паспорт олишга, орзуларимни амалга оширишга бўлган иштиёқ менга тинчлик бермади. Мана, ниҳоят ниятим рўёбга чиқди. Ўзбекистоннинг чинакам фуқаросига айландим. Энди барча ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан тўлақонли фойдалана оламан. Фуқаролик мақомига эришганим, орзуларимнинг рўёби учун хизмат қилади.

Юлдуз Саидова қувонч кўзёшлари ила фуқаролик паспортини қўлига оларкан, эшитилар-эшитилмас «Қадримни ифодаловчи бахтим, ҳаётим, эртанги куним, фахру ифтихорим” дея дарров кўксига босди.

Нигина ШОЕВА, журналист

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan