ДУНЁ

Жониворлар шаҳар йўлакларини эгалламоқда

Бир ой мобайнида карантинда ўтирган шаҳар аҳолиси тонгги қўшлар чуғурини ўзгача  тинглай бошлашди, бу вақтда ёввойи жониворлар жасорат билан бўшаб қолган шаҳарларга йўл олишди. Тўнғизларнинг хуриллаши Барселона яқинидаги йўлларда эшитилди, лўнда коалалар Уэльс шаҳри  деворларига чиқиб олишди. Чили пойтахти Сантьяго кўчаларида навниҳол пумани пайқашди. Ёввойи куркалар Калифорния марказида қуқулашди. Кальгари бандаргоҳига делфинлар яқин келиб, бемалол сузишмоқда.

Ҳайвонлар  шаҳарларни забт этишга чоғланяптими? “Бу ҳолатлар хоҳ у Франция бўлсин, хоҳ у бошқа мамлакат, аниқлаш мушкул, – дейди  табиий тарихлар Миллий музейи экология бўйича  профессори Роман Жюльяр, – бир тарафдан тадқиқотчиларнинг ўзи карантинда ўтирибти, бир тарафдан бизга қандай қизиқ  воқеани сўзлаб беришмасин, уни талқин этиш қийин. Чунки одамларнинг   диққати ҳозир  айнан шу каби ҳолатларга қаратилган. Ҳар бир кишининг ўз деразасидан табиатни кузатишига ва уни қайтадан кашф этишига кўпроқ вақти пайдо бўлди.”

“Ҳайвонлар одамлардан қўрқади, борлиқ бўшаган заҳоти  янги озуқаларни излаш учун уни ўзлаштиришга интилишади, – дейди биохилма-хиллик француз агентлиги ҳудудий директори Магале Шарме, – Фақат бундай хулқ-атвор айрим турларгагина тегишли. Ўрдак одамларга ўрганган, шунинг учун боғни тарк этиб, шаҳар кезиши осон.» Роман Жюльярнинг ҳисоблашича, тулки айнан ўзи ўрганган ҳудудни ташлаб, шаҳарга енгил отланадиган жонивордир. У  янги шароитга дарров мослашади  ва дарҳол  ўзида янги одатларни шакллантира олади. Шундай бўлса-да, у фақат тунлари кўчага чиқади ва ўзини ниҳоятда эҳтиёткор  тутади. «Тулкини зинҳор базинҳор Опера майдонида учратмайсиз” – дея башорат қилади Магале Шарме.

“Табиат яна устун келмоқда деган хулосани чиқариш шошмашарлик бўлади. Яна бир озга кўпроқ  вақт керак. Табиат кенг ҳудудни эгалламоқда, лекин бу узоққа чўзилиши амримаҳол”. – дейди биохилма-хиллик бўйича агентлик директори. Р.Жюльярнинг таъкидича эса, шаҳарда ёввойи жониворларнинг одатларида кескин ўзгариш рўй бермайди. Ёввойи ҳайвонларнинг ёпирилиш жараёни жойига тушади: одамларнинг фаолияти бошлангач,  улар яшириниш учун яна изига қайтади.

Япониядаги Нара табиат паркида буғулар илгари сайёҳлар қўлидан овқатланишган, энди эса вазиятдан чиқиш жониворларнинг ўзига қолди. Улар овқат илинжида метро йўлакларида пайдо бўла бошлашди. Бу ҳолатда нима қилмоқ керак?  “Уларни озиқлантириш  муаммони бадтар кучайтириб, ечимини орқага суради. Агар  уч ой тинимсиз боқилса, бир нечтаси подага айланади. Бу ҳал қилишга оғир масала.” – дейди Р.Жюльяр. Ҳаммаси аҳолининг бу тариқа шаҳар ҳайвонотига қай тарзда муносабат билдиришига боғлиқ. «Бу манзара ва ҳолатлар табиатга нақадар боғлиқлигимиз ҳақида мушоҳада  этишга мажбурлайди, дея умид қиламан.”- дейди экология профессори.

                               Анн-Лор ФРЕМОН, журналист (Франция)