ЖАМИЯТ

Расмий муносабат: вилоят ФВБ қуйидагиларни маълум қилади

Кеча каналимизда фотосурати эълон қилинган зарарланган кўприк масаласида вилоят ФВБ томонидан қуйидаги маълумотлар тақдим этди:

– 4Р 105 Дарбанд-Бойсун-Элбаён автомобил йўлининг Қумқўрғон тумани “Каттакўл” маҳалласи ҳудудидаги 76км.да “Полвонтош” селгаси устида қурилган кўприк қурилиши 2014 йилда “Баҳром универсал қурилиш” МЧЖ томонидан олиб борилиб, 2017 йилда фойдаланишга топширилган.

– 2020 йил баҳор ойларидан бошлаб, “Полвонтош” селгаси орқали кўп сув келиши натижасида асосий қисмда емирилишлар бўлиб, асосий устуннинг синиши ва чўкиши натижасида кўприк авария ҳолатига келиб қолган.

– Жорий йилнинг 9-13 апрель кунлари кучли ёмғир ёғиши натижасида “Полвонтош” селгаси устидаги мазкур кўприкнинг асосий қисмида чўкиш ҳосил бўлиб, техникалар қатновига ҳавф солганлиги сабабли, йўл темир бетон қопламалари билан тўсилган.

– 14 апрель куни вилоят автомобил йўллари ҳудудий бошқармаси томонидан чора-тадбирлар белгиланиб, техникалар қатновини йўлга қўйиш учун айланма йўлларини қуриш ишлари “Хўшбоқ Али Ангор” МЧЖга бириктирилган.

– Бундан ташқари вилоят автомобил йўллари ҳудудий бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашларича, мазкур кўприкни таъмирлаш учун республика автомобил йўллари қўмитаси томонидан қайта таъмирлаш ишлари учун маблағ ажратилиши масаласи кўрилмоқда.

– Мазкур вазиятда ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойига туман мутасаддилари боришган ва вазият ҳақида хабардор.