ДУНЁ

Коронавирус тарқалашида сабабчи этиб гумонланаётган Ухан лабораторияси АҚШ тарафидан молияланган

Хитойдаги коронавирус тарқалиш жойи деб гумон этилиб, диққат марказига тушган лаборатория ғордаги кўршапалаклар устида олиб борган тажрибаларида АҚШ ҳукумати маблағини ишлатган. Олимлар наздида айнан шу ер оламга ёйилган касалликнинг бошланғич нуқтаси бўлиши мумкин. Кўршапалаклар лаборатория манзили Ухандан минг милл наридаги Юньнан вилоятидаги ғорлардан тутиб келтирилган. Бу тадқиқотлар АҚШ ҳукуматининг 3,7 миллион долларга тенг гранти билан молияланган.

COVID-19 нур остида суратга олинганда унинг Юньнандаги кўршапалаклар билан боғлиқлигини кўрсатган, бироқ бошида у одамга Ухандаги бозордан юққан деб ҳисобланган эди. Бу эса алоҳида ташвиш уйғотиб, вирус лабораториядан тарқаган, устига устак америкаликлар бунга ҳомий деган фаразларни урчитди.

АҚШлик конгрессменлар ва бошқа фаолларни ўз мамлакати Ухандаги институтда жониворларга тажовузкор ва шафқатсиз тажрибалар учун узоқ йиллар пул ажратгани таажжублантирди ва дарғазаб қилди. “Мен учун бу жирканчли маълумот. Бу тажрибалар коронавирус ёйилишига туртки бўлган. Хитой лабораториялари АҚШ тарафидан мутлақо назорат қилинмаган”, дейди конгрессмен Мэтт Гэтц.

Ўтган ҳафтада Энтони Белотти White Coat Waste босим кўрсатиш гуруҳи президентни, Америка ҳукуматини солиқ маблағларини Хитойдаги тажрибаларга совурганликда айблади ва шундай қўшимча қилди. “Хитойдаги лабораторияларда вирус юқтирилган ёки қандайдир касаллантирилган, умуман хўрланган ҳайвонлар тажриба тугагандан сўнг Ухандаги бозорга ейиш учун элтиб сотилган деган маълумотлар бор”.

Таъкидлаш жоизки, 37 миллион долларлик вирусология институти Хитойдаги энг улкан тажриба ўчоғи ҳисобланади, у касаллик тарқаган деб ҳисобланган бозордан бор-йўғи 20 милл нарида жойлашган. Мазкур институт АҚШ соғлиқни сақлаш Миллий институти лойиҳаси доирасида кўршапалаклар устидан турли тажрибалар олиб борган ва Америка маблағини олиш учун бу фаолиятда ҳамон давом этмоқда, деб ёзади Daily Mail.

Маълумки, АҚШ соғлиқни сақлаш Миллий институти АҚШ ҳукуматининг биомедицина соҳасидаги тадқиқотларга масъул идораси ҳисобланади. Ухан институти ўз веб сайтида бу ташкилотни бошқа Америка академик идоралари қаторида ҳамкор деб санаб ўтган. Бошқа ҳамкорлари эса Алабама университети, Шимолий Техас университети ва ёввойи табиат Миллий Федерациясидир.

Яна манбалар шуни кўрсатмоқдаки, тадқиқотлар доирасида уханлик олимлар лабораторияда коронавирус етиштиришган ва уни уч кунлик чўчқа болаларига ҳам юқтиришган. Айнан бу ерда кўршапалакларда Covid-19 ўрганилгани назарда тутилса, унинг вирус тарқаши маркази эканлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди, деб уқтиради нашр.

Ҳозирча тасдиғини топмаган маълумотга кўра, олимларнинг ўзи қонларида вирусни юқтириб, маҳаллий аҳоли ичида буни тарқатган ҳам бўлишлари мумкин. Ухандаги худди шундай иккинчи касалликларни назорат этиш ва олдини олиш Маркази айтиб ўтилган бозордан атиги икки милл нарида жойлашган ва бу ерда ҳам шу хилдаги тажриба олиб борилган.

Вирусология институти 1500 та ўлим учун хатарли вируслар штампига эга ва “жуда ҳам хавфли вирусларга махсуслаштирилган”, деган ёрлиқ асосида иш олиб боради. Хитойлик мулозимлар мамлакатларида 2002 ва 2003 йилларда атипик пневмония авж олиши натижасида 775 киши вафот этиб, 8000 нафар одамга юққанида бу институтни ташкил этишга қарор қилган.

Ўтган йилнинг декабрида Уханда вирус тарқалгани ҳақидаги хабардан сўнг турли фитна назариялари билдирилди. Уларга кўра, лабораторияда вирус бактериологик қурол сифатида тадқиқ қилинган. Унинг ёйилиш илдизи шу лабораторияга тиркалмоқда.

Хитой бир неча бор айбловларни рад этди. Институт директори Ши Чжэнли февраль ойида матбуотга баёнот бераркан, вирус тарқалиши унинг лабораториясига алоқадор эмаслигини уқтирди, бунинг учун у “ҳаётини гаровга қўйди”.

Кейин унинг тан олиб айтишича, у ҳар доим эпидемия борасида ҳадиксираган, лекин ҳайвондан вирус юқиши мамлакат жанубидаги субтропик ҳудудларга хос эканлигини айтган. Бу Уханда кутилмаган.

Ўтган ойда эса у нуфузли илмий журналга берган интервьюсида, ўтказилган текширувда одамдаги вирус хусусияти ўзлари текширган вирус намунасидан тамомила фарқли чиққанлигини билгач, енгил тин олган.