ТИББИЁТ

Ҳиндистонда “Док-1 Макс” ишлаб чиқарган компания директорларига 3 та иш очилган

Ҳиндистоннинг Дори-дармон ва бошқа идоралари Marion Biotech директорлари Сачин Жайн ва Жая Жайнга қарши уч хил иш очди. Кейинги суд эшиттириши 2024 йил 22 мартда бўлиб ўтади, лекин иккаласи ҳам суддан яширинган. Бу ҳақда исмини ошкор қилишни истамаган компания расмийси “Дарё”га маълум қилди.

Marion Biotech компанияси директорларини ҳибсга олиш учун ордер берилган. Лекин кейинроқ суд Сачин Жайн ва Жая Жайн судланмаган бўлса, уларни ҳибсга олишни тақиқлаган. Айбланувчилар Quramax Ltd/Quramax Medical импорт компанияси ва Marion Biotech экспорт компаниясининг ҳақиқий эгалари ҳисобланади. Жая Жайн компания директори, Сачин Жайн эса компаниянинг раиси ҳамда бошқарувчи директоридир.

Улар Ўзбекистонда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 70 га яқин боланинг ўлими иши бўйича Интерпол томонидан 2023 йил 1 августда Дубайда ҳибсга олинган, бироқ бир ойдан сўнг гаров эвазига озод қилинган. 

Ҳозирда Ўзбекистон тергов органлари Сачин Жайнни қидирмоқда, чунки у Quramax Ltd шўба корхонаси сифатида фаолият юритувчи Ўзбекистондаги Quramax Medical импорт компаниясининг ҳақиқий эгаси ҳисобланади. Бундан ташқари, унинг Маврикий, Сингапур ва Дубайда бир нечта оффшор компаниялари мавжуд бўлиб, ундан турли мамлакатларга товарлар экспорт қилиш учун фойдаланади.

“Док-1 Макс” фожиаси

2022 йилнинг октябрь, ноябрь ва декабрь ойларида болалар шамоллашига қарши қўлланган “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропи 2023 йилнинг январь ойида мамлакатда “Док-1 Макс” фожиаси сифатида бўй кўрсатди. Фожианинг дастлабки қурбонлари ҳақида хабар берган масъуллар марҳум болалар сони 65 нафар эканини очиқлаган бўлса, кейинчалик бу рақамлар 68 нафарга етгани маълум бўлди.

Мазкур жиноят иши бўйича дастлаб 21 нафар шахс айбланган бўлса, кейинчалик қўшимча жиноят иши бириктирилиб, айбланувчилар 23 нафарга етди. Уларнинг дастлаб 7 нафарига, кейинчалик яна 2 нафарига — жами 9 нафарига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan