ТИББИЁТ

Дунёга вабо эпидемияси хавф солмоқда. Ўзбекистонда вазият қандай?

Сўнгги кунларда ЖССТ томонидан яна тўрт мамлакатда вабо эпидемияси қайд этилгани, Ер юзида вабо касаллигининг тарқалиш хавфи жуда юқорилиги, Халқаро экспертлар вабога чалинганлар ўртасида ўлим даражаси сезиларли даражада ортгани маълум қилинди.

Вабо касаллиги бўйича дунёдаги эпидемик вазият ҳамда Республикада касалликни кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан берилган саволларга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Рустамжон Икромов жавоб бериб ўтди.

– Суҳбат аввалида вабо касаллиги бўйича дунёдаги эпидемик вазиятга тўхталиб ўтсангиз.

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 2023 йил бошидан буён дунёнинг 26 давлатида вабо касаллиги қайд этилган. Касалланганларнинг сони 25,9 мингдан ортиқ кишини ташкил этган бўлса, уларнинг 735 нафари ўлим билан якунланган. Шунингдек, 129 мингдан ортиқ киши вабога касаллигига шубҳа қилинган. Касаллик энг кўп Африка қитъаси давлатларида (23 мингдан ортиқ) рўйхатга олинган. (Конго Демократик Республикаси (11,1 минг), Нигерияда (5 мингдан ортиқ), Сомали (1,6 минг), Кения (1,1 минг киши) мамлакатларига тўғри келади)). Нигерия шимоли-шарқидаги икки штатда (Адама ва ва Борно) вабо эпидемияси давом этмоқда.

– Дунёдаги бу каби эпидемик вазиятни мураккаблашишига нима сабаб бўлмоқда?

– Аҳолини тоза ва сифатли ичимлик суви билан етарлича таъминланмаганлиги эпидемик вазиятни мураккаблаштирмоқда.

– Юртдошларимизни қизиқтираётган савол – Ўзбекистон Республикасида вабо касаллигини кириб келишини ва тарқалишини олдини олиш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Хавотирланишга ҳожат борми?

– Ўзбекистон Республикаси ҳудудига 2023 йилда карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларни чет давлатлардан кириб келиши ва аҳоли ўртасида тарқалиш ҳолатлари кузатилмади. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудига касалликларни четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида республика бўйича давлат чегараларини кесишиш жойларида 48 та санитария – карантин пунктлари фаолият олиб бормоқда. Санитария – карантин пунктлари томонидан 2022 йилда 1 070 683 автотранспорт кўрилган, 13 273 020 нафар фуқаро тиббий-санитария назоратидан ўтказилди. Назоратдан ўтказилганлар орасида 3995 нафар юқумли касалликка гумон қилинган беморлар аниқланиб, уларга нисбатан профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар олиб борилди. АҚШнинг СДС ташкилоти ҳомийлигида Халқаро миграция ташкилоти кўмагида “CОВИД-19 ва бошқа юқумли касалликларга қарши курашда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда чегара саломатлигини яхшилаш” лойиҳаси асосида республиканинг ўтказувчанлиги юқори бўлган 8 та санитария – карантин пунктлари 20 хил турдаги замонавий жиҳоз ва тиббий анжомлар (тепловизор, компютер, конденсионер, мебеллар ва ҳоказолар) билан таъминланди.

– Айтинг-чи, республикамизга касалликни кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Барча маъмурий ҳудудларда вабо тарқалишига қарши эпидемиологик назоратни кучайтириш, оммавий ахборот воситаларини фаол жалб қилган ҳолда аҳоли ўртасида санитария-гигиена талабларига риоя этилиши юзасидан тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш, ижтимоий муассасалар: мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, олий ўқув юртлари ва бошқа объектларни санитария-гигиена норма ва қоидаларига риоя қилишни таъминлаш юзасидан хабардор қилиш, вабонинг тарқалишини олдини олиш ва камайтириш учун мамлакатдаги лабораторияларда вабони тезкор аниқлаш ва ташхислаш учун зарурий диагностикумлар билан таъминлаш, вабонинг олдини олишга масъул бўлган, барча жалб қилинган хизматлар ва ташкилотлар иштирокида 14 та маъмурий ҳудудда беморларни бошқариш бўйича тактик машғулотлар ўтказиш, керакли миқдордаги дори воситалари, шу жумладан оғиз орқали регидратация қилиш воситаларини захирасини яратиш ва ОР пунктларини тайёрлаш белгиланди.

– ЖССТ вабо тарқалишининг олдини олиш учун қандай тавсиялар бермоқда?

– Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти касалликнинг тарқалишини олдини олиш учун тоза сув ва санитария шароитларини яхшилашни тавсия қилади. Ўлимни камайтириш учун вабони даволаш марказлари ва оғиз регидратацияси бўлимларини ташкил этиш орқали тиббий ёрдамдан фойдаланишни яхшилашни ўз ичига олган эпидемияни бошқаришни амалга ошириш керак. Оғиз орқали вабога қарши ваксиналарни (ОCВ) вабо эпидемияларини назорат қилиш ва вабо хавфи юқори бўлган ҳудудларда қўлланилиши кераклигини тавсия этмоқда. Бундан ташқари, эпидемия сезиларли трансчегаравий ҳаракат мавжуд бўлган чегара ҳудудларида содир бўлганда ЖССТ манфаатдор мамлакатларни ҳамкорликка ва мунтазам равишда маълумот алмашишга чақирмоқда.

– Саёҳат қилишни режалаштираётган юртдошларимизга Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан нималар тавсия қилинади?

– Саёҳат қилишни режалаштиришаётган аҳоли қуйидаги маълумотларга эътибор қаратишлари сўралади.

  • Юқумли ва паразитар касалликларнинг олдини олиш учун инфекцияни ва касалликнинг кейинги ривожланишини олдини олиш учун эҳтиёт чораларини кўриш;
  • фақат ишончингиз комил бўлган овқатни истеъмол қилиш;
  • фақат кафолатланган хавфсиз сув ва ичимликлар (ичимлик суви ва завод қадоқидаги ичимликлар, қайнатилган сув) ичиш. Хом сувдан тайёрланган музларни истеъмол қилмаслик;
  • гўшт, балиқ, денгиз маҳсулотларини термик ишловдан сўнг истеъмол қилиш;
  • озиқ-овқат маҳсулотларига зарурат туғилганда фақат ихтисослаштирилган дўконлар ёки завод қадоқларидаги маҳсулотларни сотиб олиш;
  • мева ва сабзавотларни хавфсиз сув билан ювиб, қайноқ сув билан чайиш;
  • овқатланишдан олдин ҳар доим қўлингизни совун билан яхшилаб ювиш;
  • сув ҳавзалари ва ҳовузларда чўмилиш ёки сузиш жараёнларида оғиз бўшлиғига сув киришига йўл қўймаслик;
  • турғун ва секин оқадиган сув ҳавзаларида чўмилмаслик, бу соғлиқ учун ўта хавфли ҳисобланади.
    Шунингдек, иложи борича маҳаллий умумий овқатланиш корхоналари хизматларидан фойдаланмаслик ва нотаниш егуликларни татиб кўрмаслик, бозор ва расталардан ишлаб чиқарилиши нўмалум бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилмаслик, уй шароитида тайёрланган ноз-неъматларни истеъмол қилмаслик тавсия этилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan