ТИББИЁТ

Қизамиққа қарши шошилинч эмлаш зарур – ЖССТ

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси ушбу қитъадаги давлатларни зудлик билан қизамиққа қарши эмлаш ҳаракатларини бошлашга чақирди. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди. 

Билдирилишича, минтақада ўтган йил давомида ушбу касалликни юқтириш ҳолатлари 2022 йилга нисбатан 30 баробар кўп қайд этилган. 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида бу касалликка чалинган беморлар сони 30 мингдан ошди. 2022 йилда бу кўрсаткич атиги 941 нафарни ташкил этганди. Экспертлар буни пандемия даврида қизамиққа қарши вакцинация қамрови кескин пасайгани билан изоҳламоқда. 

ЖССТ прогнозига кўра, сўнгги ойларда қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари яна кўпайган ва шошилинч чоралар кўрилмаса, бу тенденция давом этиши эҳтимоли юқори. Хусусан, Буюк Британия хасталик кўпайиши ортидан мамлакатда миллий фавқулодда ҳолат режимини жорий этишга мажбур бўлди.

Маълумот учун, дунё бўйича 2022 йилда эмлаш қамрови 2021 йилга нисбатан бироз ошган бўлса-да, 33 миллион бола эмланмаган. Хусусан, 22 миллион нафарга яқин ўғил-қиз бундай вакциналарнинг биринчи дозасини, 11 миллион нафари эса иккинчи дозасини қабул қилмаган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan