АДАБИЁТ

Мутолаа завқи: ҲАЁТДАГИ ШЕРЛОК ХОЛМС…

Англиялик машҳур ёзувчи Артур Конан Дойл (1859–1930) ажойиб кунларнинг бирида Парижга келади. Вокзалда бир таксичи унга жуда ишончли қиёфада яқинлашади ва ҳеч бир сўз демай жомадонини олиб, машина юкхонасига ташлайди. Рулга ўтиргачгина тилга киради:

Мсье Конан Дойл, қаерга олиб бориб қўяй?

– Ие, мени қайдан танийсиз? – деб ҳайрон бўлади ёзувчи.

– Биринчи марта кўришим, – деб жавоб беради ҳайдовчи.

– Ундай бўлса, менлигимни қандай билдингиз?

– Сиз тасвирлаган дедуктив усул билан, – дейди таксичи ғурурланиб. – Биринчидан, Артур Конан Дойл шаҳримиздаги “Ривьер” оромгоҳида икки ҳафта дам олишини газеталардан ўқигандим. Иккинчидан, сиз тушган поезд Марселдан келяпти. Учинчидан, юзингиз қорайган, бу Ўрта денгиз соҳилларида камида ўн кун турганингиздан далолат. Марсель Ўрта денгиз соҳилида жойлашган. Ўнг қўлингизнинг ўрта бармоғидаги сиёҳ доғини кўриб, ёзувчи экани­нгизга ишонч ҳосил қилдим. Ўзи­нгизни тутишингиз касбингиз дўхтир эканини кўрсатиб турибди. Ана шу мушоҳада ва мулоҳазалардан сўнг қаршимда машҳур адиб, Шерлок Холмс ҳақидаги ҳикоялар муаллифи Артур Конан Дойл турганини англадим!

Таксичининг сўзларини эшитиб, ёзувчи ёқа ушлайди:

– Сиз деярли Шерлок Холмснинг ўзи экансиз-ку! – деб ҳайқиради у. – Ахир, арзимас деталлардан шундай хулоса ясаш ҳазилакам гапми!

– Ҳа, энди… – деб мақтовларни тўхтатишга уринади ҳайдовчи. – Мен яна бир арзимас детални пайқаб қолдим.

– Қанақа деталь?

Жомадонингизга ёпиштирилган ёрлиқни. Унга сизнинг исм-шарифи­нгиз ўқловдай қилиб ёзиб қўйилган экан!