ТИББИЁТ

Қатарнинг йирик компанияси Ўзбекистондан малакали шифокор ва ҳамшираларни ишга қабул қилади

Қатарнинг тиббиёт соҳасига ихтисослашган йирик компанияси Ўзбекистондан малакали шифокор ва ҳамшираларни ишга қабул қилади, дея хабар бермоқда «Дунё» АА.

Онглайн-учрашув давомида «Elegancia Healthcare» компаниясининг Қатарда фаолият юритаётган шифохоналарида инглиз тилида эркин сўзлаша оладиган ўзбекистонлик малакали шифокор ва ҳамшираларни ишга қабул қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Хориж томонига Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграцияси тизимини такомиллаштириш, унинг ташкилий шаклларини кенгайтириш, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун чет давлатларга кетаётган фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларини тадбиркорлик ва меҳнат фаолиятига жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берилди..

Қатар томони биринчи босқичда 50 нафар ходимни суҳбат асосида ишга қабул қилишга, кейинчалик яна 20 кишини жалб қилишга тайёрлигини маълум қилди. Суҳбатдан муваффақиятли ўтганлар иш фаолиятини бошлашдан олдин Қатар шифохоналарида ташкил этилган қисқа муддатли ўқув-амалий курсларда малака оширишлари таъкидланди.

Бўлиб ўтган музокаралар якунида Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва «Elegancia Healthcare» компанияси ўртасида мазкур соҳада ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида келишув имзолашга келишиб олинди.

«Elegancia Healthcare» Қатарнинг «Power International Holding» компанияси таркибига киради. Ташкилот жами 840 та ўрин, 250 та юқори малакали шифокор ва 400 дан ортиқ ҳамшираларга эга 4 та йирик кўптармоқли шифохоналарга эгалик қилади.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan