ХАБАРЛАР

“Толибон” 62 тоннадан ортиқ сифатсиз нефтни Ўзбекистонга қайтаргани айтилмоқда

Ҳайратон портидан 62 тоннадан ортиқ сифатсиз нефть Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Sputnik Афғонистон хабар берди.

Афғонистон миллий стандартлар бошқармаси Ўзбекистондан импорт қилинган 62 тоннадан ортиқ сифатсиз нефть қайтарилганини маълум қилди. Бошқарма сўнгги кунларда ушбу портга маълум миқдорда нефть келганини, бироқ текширувдан сўнг у сифатсизлиги аниқланиб, қайтарилганини таъкидлади.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, аввалроқ ҳам 100 тоннадан ортиқ сифатсиз нефть Ўзбекистонга қайтарилган эди. Дарҳақиқат, бу паст сифатли нефтнинг Ўзбекистонга қайтариб юборилишига оид биринчи ҳолат эмас. Жумладан, 2023 йил август ойида Афғонистон ҳукумати нефть сифати пастлиги сабабли 67 та цистерна нефтни Ўзбекистонга қайтариб юборганди. 

Бунга жавобан “Ўзбекнефтгаз” раиси Баҳодир Сиддиқов мазкур хабар нотўғри талқин қилинганини, “Толибон” сифатсиз деб қайтарган маҳсулот аслида юқори сифатли эканини айтган.

“Афғонистон Ўзбекистон нефтини сифатсиз бўлгани учун қайтарибди, деган хабар тарқалди. Бу нотўғри маълумот, чунки биз Афғонистонга нефть юбормаганмиз. Айримлар Афғонистонни бензинини қайтариб олиб келиб, заправкаларда сифатсиз бензин сотаётганимизни айтмоқда. Бу ҳам нотўғри маълумот.

Биз Афғонистондан қайтиб келган маҳсулотни ҳеч қаерга олиб борганимиз йўқ, у контейнерида турибди. Уни бошқа жойга олиб бориб ёки сотади. Бу дизель GTL заводида чиққан, янги маҳсулот. Унинг стандарти Афғонистонда йўқ. Шунинг учун улар буни тушунмади”,— деган “Ўзбекнефтгаз” раҳбари.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan