ЖАМИЯТ

Яна шоирона гаплар-у баландпарвоз мадҳлар ҳақида

Жорий йилнинг 14 январь санасида каминанинг Diyor24 сайтида “Сурхондарёлик марҳум адибларни нега хотирлашмаяпти ёки “шоирона мадҳлар-у баландпарвоз гаплар” ҳақида” номли материали эълон қилинган эди. Аммо, шу кунга қадар мутасадди ташкилот, хусусан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё вилояти бўлими томонидан ҳеч бир муносабат билдирилмади.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг “Мамлакатимизда илм-фан, маданият ва адабиёт ривожига муносиб ҳисса қўшган атоқли шахсларнинг юбилейларини кенг нишонлаш тўғрисида”ги фармойиши лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Лойиҳада бу йил 80 йиллик юбилейи нишонланадиган марҳум адиб Шукур Холмирзаев ва табаррук 70 ёшини қаршилаётган атоқли ижодкорларимиз Эркин Аъзам ва Усмон Азимлар таваллудларининг кенг миқёсда нишонланиши ҳақидаги чора-тадбирларнинг белгиланиши ҳар биримизни хурсанд қилди. Қарор лойиҳаси эълон қилиниши биланоқ, юртдошларимиз, адабиётга бефарқ бўлмаган зиёлилар ва кенг жамоатчилик томонидан қатор фикр, таклиф ва мулоҳазалар билдирилмоқда.
Қарор лойиҳаси эълон қилинишидан кўп ўтмай Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Менгнор Олломуроднинг “Шукур Холмирзаевнинг 80 йиллиги қандай нишонланади?” номли муносабати эълон қилинди. Шу ўринда муаллифнинг қуйидаги фикрларини келтиришни жоиз деб билдик: “Лойиҳада Ўзбекистон халқ ёзувчиси, улуғ адиб Шукур Холмирзаевнинг ҳам номи қайд этилган. Шукур акани дунё даражасидаги адиб, деб биламан. Ёзувчининг 80 йиллиги муносабати билан Термизда Шукур Холмирзаев номидаги ижод мактаби очилса, нур устига нур бўлар эди.

Буюк ёзувчининг уй-музейини очиш ҳам айни муддао, бу ёшлар учун, халқимиз учун ниҳоятда зарур. Шукур акани эъзозлаш, асарларини ўқиб-ўрганиш, таҳсил олган мактабни у кишининг номи билан аташ, Тошкент ва Термиз шаҳарларида ҳайкал ўрнатиш, кўчаларга номини бериш, бу адабиётни улуғлаш, халқимизни китоб ўқишга ундаш, маънавиятни юксалтиришдир.

Шукур Холмирзаев 100 йилда бир дунёга келадиган улуғ адиблар сирасига киради. Адиб ҳар қандай оғир паллада ҳам рост гапни айтишни ўргатиб кетди. Машаққатли пайтларда ҳам адабиётдаги, ҳаётдаги эътиқоди мустаҳкам эди. Бор гапни, ҳақиқатни айтишни бугунги авлод Шукур акадан ўрганиши керак.
Сурхондарё аҳли бошқа вилоятлардаги ижод мактабларига чексиз ҳурмат ва ҳавас билан қараган ҳолда, вилоят маркази Термиз шаҳрида Шукур Холмирзаев ижод мактаби барпо этилишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва чин юракдан олқишлайди. Ишонамизки, мактаб биноси юксак замонавий лойиҳалар асосида бунёд этилади ва вилоят аҳлининг ғурурланадиган, том маънодаги маънавият-маърифат масканларидан бирига айланади”.

Жуда ўринли таклиф ва мулоҳазалар. Шундай эмасми? Афсуски, бу таклиф ва фикрлар лойиҳа эълон қилинишидан анча аввалроқ эълон қилинганда ёки республика матбуотларида қайта-қайта бонг урилганда яхши бўлармиди? Ё бўлинма раҳбари лойиҳа эълон қилинишини кутиб тургандиларми? Ундай бўлса, қарор лойиҳасидаги таклифлар рукнида ўз таклифларини ёзиб қўйсалар ҳам бўлармиди? Ҳар ҳолда энди шоирона мадҳлари-ю, таклифларини оммага ошкор қилишдан на фойда. “Урушдан кейин қаҳрамон кўпаяди”, дермиди доно халқимиз?!

Ҳарқалай бўлинма раҳбари, масъул шахс сифатида ўзингиз ҳам Шукур Холмирзаев таваллудини нишонлаш бўйича вилоятда қатор амалий ишларни, тадбирларни амалга оширсангиз бўларди. Мана, эртага 20 март. Адибнинг таваллуд куни. Нима туҳфангиз бор юбилейга?. Ёки юқоридан бирон чора-тадбир келишини кутиб ўтириш шартмикин?

Тўғриси, муаллифнинг мана бу фикрларига тушунмадим: “Шукур Холмирзаев таваллудининг 80 йиллиги Сурхондарёда адабиёт кунлари доирасида олий мақомда ўтказилса, воҳа ҳаётида жўшқин адабий воқеликка айланса, нур устига нур бўлар эди”.

Ҳа, энди буёғи сизга боғлиқда! Худди бу гапларни, ўтказилиши керак бўлган тадбирларга алоқаси йўқ, бегона одам айтгандек туюляпмаяптими?! Менгнор ака, ахир сиз уюшманинг вилоятдаги вакилисиз, аслида, Сурхондарёда адиб таваллудининг 80-йиллигини олий мақомда нишонлашга сиз ва биз масъулмиз!

Обид ШОФИЕВ