Ҳаммамизга маълумки, 2020 йил 14 декабрда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 781-сонли “2020—2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган эди.

Мазкур қарорни қабул қилинишдан кўзланган мақсад, мутолаа маданиятини юксалтириш, республиканинг олис ҳудудларида ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш, аҳолининг китобхонлик даражаси ва қизиқишини тизимли ўрганиб боришдан иборат.
Энди бир нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман, нега бу қарор қабул қилинган? Абу Али ибн Сино, Абу Райхон Беруний, Жалолиддин Румий, Имом Мотрудий каби буюк алломалар, китоб илмининг султонларининг авлодларига китоб ўқиш маданиятини ўргатиш бироз эриш туюлар балки, аммо шу нарса ҳақиқатки, бугунги кунга келиб ўсиб келаётган ёш авлод китобга бўлган меҳрни, унга бўлган муҳаббатни, унинг нафақат инсон камолоти учун, балки соғлиги учун кони фойда эканлиги ҳақида етарлича тушунчага эга эмас.
Бугунги кунда, жамиятда инсонлар билан мулоқотга киришиб қолсангиз, ҳар иккита инсоннинг бири “одамларда оқибат қолмади”, “одамларнинг бир-бирига нисбатан меҳри камайиб бормоқда” ва ҳакозо шунга ўхшаш гаплар қулоғимизга чалинади. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз бу ҳолатлар қай йўсинда пайдо бўлмоқда?!
Тадқиқотчи олимларнинг назариясига кўра, фаол китобхонлар хайрия ишлари билан бошқаларга нисбатан уч марта кўпроқ шуғулланиши ва мутолаа муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзишга ундашини тадқиқ этишган.
Китоб ўқиш жараёнида ўқувчи қаҳрамонлар билан бирга бўлади. Уларнинг қувонч ва ташвишларига шерик бўлади. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, бадиий асар ўқиган одам ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини яхши тушунар экан.
Энди жамиятдаги бази ҳолатларни кўз олдингизга келтиринг, уйда, дам олиш масканларида, жамоат транспортларида, умумий овқатланиш жойларида ҳозир бўлган инсонларга ҳеч эътибор берганмисиз?! Барчасининг қўлида телефон ва шунга ўхшаш алоқа воситалари бор ва улар шу нарсалар билан банд бўлишади. Кимдир вақтини ижтимоий тармоқларга ва яна кимдир ҳар хил турдаги ўйинларга сарфлаш билан овора. Аммо китоб ўқиш учун инсонларда вақт етишмайди. Ҳар ўнта инсондан нега китоб ўқимадинг, деб сўрасангиз тўққизтаси вақтим бўлмади деб жавоб беришади. Энди бир ўйлаб кўринг қайси томонга қараб кетмоқдамиз?!
Эмори университети олимлари китоб ўқиган инсоннинг ақлий салоҳияти бир неча кун давомида юқори ҳолатда бўлишини исботлашди. Тадқиқот муаллифлари китоб ўқиш миядаги асаб толалари сонини оширишини таъкидлашмоқда.
Шотландиялик олимларнинг тадқиқотларига қараганда, китоб ўқиш тушкунликни даволашнинг энг самарали воситасидир. Тушкунликка чалинган беморлар китоб ўқишни бошлаганларидан сўнг уларнинг тушкунликка тушиш ҳолатлари камайган.
Огайо штати университети олимлари инсон қанча кўп китоб ўқиса, ҳаёт йўлини шунчалик аниқ танлашини таъкидлашмоқда. Китоб ўқиш ҳаётдаги тўсиқларни енгишга ҳам ёрдам беради, дейишмоқда улар.
Бу тадқиқотларнинг натижалари билан наҳот ўсиб келаётган ёш авлодлар қизиқишмаса. Китоб уларнинг саломатлиги, ҳаёт йўлини нурафшон қилишини англаб етишмаса.Статистика маълумотларига кўра, умуман китоб ўқимайдиган инсонларнинг 43 фоизи қашшоқликда яшайди. Саводли инсонлар орасида эса қашшоқликда яшайдиганлар 4 фоизни ташкил этади.
Обафеми Аволау университети педагоглари бошланғич синф ўқувчиларининг машғулотларига мавзули комиксларни киритишганида, суратлар ва сўзлар аралашмаси болаларнинг ижодкорлик қобилиятларини оширишини аниқлашди. Китоблар катталарга ҳам ана шундай таъсир кўрсатади.
Қатор тадқиқотлардан маълум бўлишича, кўп китоб ўқиган инсонлар Альцгеймер касаллигига камроқ чалинишар экан. Мия ҳам худди бошқа аъзолар сингари қўллаб-қувватлашга ва машқлар ёрдамида мустаҳкамланишга муҳтож бўлади. Китоб ўқиш эса бу борада энг самарали усулдир.
Асабингизни тинчлантириш учун сайр қилиш ёки мусиқа тинглашни афзал кўрасизми? Сассекс университети олимлари эса бунинг ўрнига китоб ўқишни тавсия қилишади. Китоб ўқиш асабни тинчлантиришда энг самарали усул экан. Атиги олти дақиқа китоб ўқиш асабийлашишга барҳам беради.
Хотиржам бўлиш ва ухлашга ёрдам берадиган энг яхши усул китоб ўқишдир. Телевизор ёки телефондан тарқалаётган ёрқин нур мияга уйғониш кераклиги ҳақида сигнал юборади. Китоб ўқиш эса аксинча таъсир кўрсатади – мия ухлаш вақти бўлганлигини тушунади.
Бу келтирилган тадқиқот натижалари ва статистик маълумотлар ёшларимиз руҳиятига қай тариқа таъсир кўрсатиши уларнинг ўзларига ҳавола. Китоб нафақат инсоннинг саломатлигини, унинг руҳиятини мустаҳкамловчи ва унинг ҳаёт йўлини ёритувчи шамчироқ эканлиги чуқур англаган ҳолда китобхонларимизнинг сафини кенгайтиришдир. Муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев бежизга “Янги Ўзбекистонни ёшлар билан бирга қурамиз” демаганлар.
Зеро, китоб ўқиган инсон ҳам манан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлади. Ҳар томонлама соғлом инсон бор оила тинч-тотув, мустаҳкам бўлади, оилаларимиз тинч-тотув бўлса жамиятиз гуллаб яшнайди, жамиятимиз гуллаб яшнаса мамлакатимиз барқарор ривожланиш йўлида ўсиб боради. Шу йўл билан ҳар биримиз жамиятимизнинг ривожига, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор.
МЕҲРИДДИН ХОЛБЕКОВ,Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси