ЖАМИЯТ

Сурхондарёда ҳам импорт жараёни тўхтатилмайди

Жорий йилнинг 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ҳузурида ўтказилган йиғилишда 2020 йилнинг 16 март кунидан бошлаб Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар ва йўловчи ташувчи транспорт воситалари ҳаракатини вақтинча тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинган эди.

Мазкур йиғилиш тафсилотлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганидан сўнг, айрим ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланувчи фуқаролар томонидан экспорт-импорт тартибида транспорт воситаларида ташилаётган юклар ҳам чегарадан ўтказилмас экан-да, деган ортиқча хавотирлар билдирилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур чекловлар юк автомобиллари, авиа, темир йўл, дарё транспортларида юк ташиш билан шуғулланувчи шахслар, уларнинг транспорт воситалари ва ташилаётган ташқи савдо юкларига таалуқли эмас.

Чегара ўтказиш ҳудудларида мазкур ташувларни амалга ошираётган шахслар ва уларнинг транспорт воситалари тегишли тартибда текширувлардан ўтказилиб, республикамиз орқали ҳаракатланишига рухсат берилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида товарларнинг ташқи савдо ҳажми 4,6 млрд. АҚШ долларини ташкил этди. Шунингдек, республикамизга жами 36 096 та автотранспорт воситаларида 671,5 минг тонна товарлар ташуви амалга оширилган. Темир йўл орқали эса 79,6 мингта вагонларда 3.503,8 минг тонна товарларлар олиб келинган.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам йил бошидан шу кунгача вилоят ҳудудида жами 28,7 миллион АҚШ долларлик импорт маҳсулотлари расмийлаштирилган. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 5801 тонна, мева-сабзавот маҳсулотлари 9132 тонна, озиқ-овқат маҳсулотлари 971 тоннани ташкил этган. Айни ҳозирги вақтда ҳам товар ва маҳсулотлар экспорти ва импорти жараёнлари давом эттирилмоқда.

Бу дегани импорт маҳсулотлари ҳам кириб келади ва назорат остидаги бу жараён тўхтаб қолмайди.

Шу билан бирга, мазкур масалаларга оид ҳар қандай мурожаатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг туну-кун фаолият кўрсатувчи 11-08 рақамли ва Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг (76)-225-02-26 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

 

Шоҳруз Ўралов 

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар гуруҳи катта инспектори