Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва Термиз туман бўлими, ДХХ ҳамда ИИБ билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Учқизил” МФЙ раиси танишларидан бирига туман ҳокимлиги заҳирасидаги 8 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун ажратиш ва кейинчалик туман кадастр хизматида ишловчи танишлари орқали ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилади. Эвазига фуқародан нақ 24 млн. сўм талаб қилади. Раиснинг бундай “қудрат”ига шубҳаланган фуқаро, бу ҳақда яхшиям тегишли идораларга мурожаат қилган экан. Раис пулни олаётганда ушланди.
Қўлга тушган маҳалла раиси олинган пулдан 12 млн. сўмини танишига тақдим қилишни режалаштирилгани ҳақида ариза бергандан сўнг эса тезкор тадбир яна давом эттирилди. Шу тариқа маҳалла раисидан 12 млн. сўмни олган вақтида фуқаро П.П. ҳам ушланди.
Қаранки, фуқаро П.П. раисдан олинган пулдан 8 млн. сўмини муқаддам туман архитектура бўлимида ишлаган танишига тақдим қилишни мўлжаллаганини билдиради. Унинг аризаси асосида давом этган тезкор тадбирда П.П.нинг илгари туман архитектурасида ишлаган таниши 8 млн. сўмни олган вақтида қўлга тушди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан “Учқизил” МФЙ раиси ва бошқаларга нисбатан Ўз.Р.ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани хабар қилинмоқда.