ЎЗБЕКИСТОН

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи икки баравар кўп бензин ишлаб чиқаради

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи (ФНҚИЗ ) бугун, 11 декабрдан AI-80 ва AI-92 маркали бензин ишлаб чиқариш ҳажмини икки бараварга оширади. Бу ҳақда завод матбуот хизмати хабар берди.

Унга кўра, завод бензин ишлаб чиқариш ҳажмини кунига 1000 тоннагача оширишини маълум қилган. Бунга ФНҚИЗ қиш мавсумида ёқилғига талаб ортиб бораётганини сабаб қилиб келтирган.

«Автомобиль двигателлари юқори сифатли ва совуққа чидамли ёқилғи талаб қиладиган палла — қиш мавсумида ёқилғига тобора ортиб бораётган талабга жавобан ана шундай стратегик қарор қабул қилинди», дейилади хабарда. 

Айтилишича, бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши ёқилғи бозорида барқарор таклифни таъминлаб, заводга қиш мавсумида истеъмолчилар талабини самарали қондириш имконини беради.

Жумладан, Saneg компанияси бош директорининг нефтни қайта ишлаш бўйича ўринбосари Ҳабиб Латипов бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг оширилиши заводда амалга оширилаётган модернизация доирасидаги янги технологик ечимлар самараси бўлиб, аҳолини арзон ёқилғи билан таъминлашга қаратилганини таъкидлади.

«Бугунги кунда завод технологик жараёнларнинг янги босқичига чиқмоқда, ускуналарнинг оптимал иш параметрларини белгиламоқда. Бензин ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши ҳам эркин бозор нархини шакллантиришга хизмат қилади», дейди Латипов.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan