ХАБАРЛАР

Ҳусийлар Қизил денгизда Исроилнинг икки кемасига ҳужум қилди

Кеча, 3 декабрь куни Ямандаги ҳусийлар Қизил денгиздаги Баб ал-Мандеб бўғозида Исроилнинг икки кемасига ҳужум қилди. Бу ҳақда ҳусийларнинг ҳарбий воизи Яҳё Сари Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Сарининг баёнотида ҳужум нишонлари Исроилнинг Unity Explorer ва Number Nine номли иккита кемаси бўлгани қайд этилган. Кемалардан бири учувчисиз учиш аппарати, иккинчиси эса денгиз ракетаси билан урилган.

Билдирилишича, зарбалар Исроилнинг блокададаги Ғазо секторига уюштирган ҳужумларига жавобан амалга оширилган.

LSEG маълумотларига кўра, Unity Explorer Багама ороллари байроғи остидаги оммавий юк ташувчи кема бўлиб, у Лондонда жойлашган Dao Shipping Ltd томонидан бошқарилади. Кема Сингапурга 15 декабрь куни етиб бориши керак эди. Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар қилишича, кемада исроиллик миллиардер Авраам «Рами» Унгарнинг ўғли Дан Давид Унгар бўлган. 

Иккинчи кема эса Панама байроғи остида Сувайш портига йўл олган Number Nine кемаси бўлиб, у Буюк Британиянинг Ньюкасл-апон-Тайн шаҳридаги Bernhard Shulte Shipmanagement томонидан бошқарилади.

Исроил армияси Қизил денгизда иккита юк кемаси зарар кўрганини маълум қилган. Қайд этилишича, Ямандан зарбага учраган кемалардан бири жиддий шикастланган, иккинчиси кичик зарар кўрган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan