ЖАМИЯТ

Судоче Ўзбекистоннинг халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ ҳудудига айланди

Ўзбекистон Судоче кўллар тизимини халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ҳудуди деб белгилади. Бу ҳақда «Рамсар» конвенсияси расмий сайтида мақола чоп этилди.  

Мақолада Судоченинг 1960 йилларда дунёдаги тўртинчи йирик кўл ҳисобланган Орол денгизининг кўрфази бўлганлиги таъкидланган.  Шунингдек, кўл ҳудудида зич қамишзорлар, буталар, шўрхоклар ва саксовуллар мавжудлиги, қолаверса, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар яшаши қайд этилган.

«Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар кўлнинг Орол денгизи билан тарихий боғлиқлигини ўрганиш ва аҳоли пункти қолдиқларини кўриш учун келишади. Маҳаллий аҳоли эса кўлдан балиқ овлаш, чорва учун озуқа ҳамда қурилиш материаллари учун қамиш йиғиш мақсадида фойдаланадилар», — дейилади мақолада.

Шунингдек, қурғоқчилик Судоче олдида турган асосий муаммолардан бири сифатида таъкидланган.

Маълумот учун,  Судоче жорий йилнинг май ойида халқаро аҳамиятга эга бўлган «Рамсар» сув-ботқоқ ерлари рўйхатига киритилган Ўзбекистоннинг 4-обектига айланди.

Бунга қадар Денгизкўл 2001 йилда, Айдар-Арнасой кўллар тизими 2008 йилда ва Тўдакўл ҳамда Қуймазор сув омборлари 2020 йилда «Рамсар» рўйхатидан жой олган.

LEAVE A RESPONSE

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan